Мариус Визер: Ўзбекистондаги муваффақиятли ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти профессионал бошқарилаётганидан далолат

Август 20, 2026. 18:00 • 3 дақ

83
Мариус Визер: Ўзбекистондаги муваффақиятли ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти профессионал бошқарилаётганидан далолат

БУДАПЕШТ, 20 август. /“Дунё” АА/. Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Бугунги кунда Ўзбекистон таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида ислоҳотлар амалга оширилаётган инновациялар ва янги технологиялар мамлакатидир. Мен Ўзбекистонга илк бор 1997 йилда борганман. Бу менга мамлакатнинг аввалги ва бугунги ривожланиш даражасини қиёслаш имконини беради.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва Халқаро дзюдо федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди. Бунда Халқаро дзюдо федерациясининг Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат дзюдо федерацияси билан яқин ҳамкорлиги муҳим ўрин тутди.

Биз биргаликда кўплаб муваффақиятли тадбирларни амалга оширдик: халқаро мусобақалар, таълим лойиҳалари ва 2022 йилда бизнес-форум ўтказдик. Ушбу кенг кўламли ҳамкорлик туфайли Ўзбекистон дзюдо федерацияси ўз фаолиятининг барча йўналишларида юксак натижаларга эришди.

Ўзбекистонда ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши мамлакат ва иқтисодиёт самарали бошқарилаётганининг натижаси бўлиб, бу хорижий ва маҳаллий сармоядорлар учун ишончли шарт-шароитлар ва кафолатлар яратади.

Ўзбекистонда барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, илм-фан, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва сармояларни жалб этиш учун жозибадор имкониятлар яратмоқда.

Айниқса, таълим ва илм-фан соҳасидаги шерикликни ривожлантириш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Венгрия Земмельвайс университети билан ҳамкорлиги бунга яққол мисол бўла олади. Бу юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда замонавий билим ва технологиялар алмашишда халқаро шерикликнинг имкониятларини намоён этади.

Шунингдек ўқинг

Ишончим комилки, яқин йилларда бундай лойиҳаларнинг кенгайиши Ўзбекистоннинг инсон капиталини ривожлантириш ва унинг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.

Мамлакат раҳбарияти ва ҳукуматининг самарали стратегиясига мувофиқ Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёда амалга оширилаётган геостратегик, сиёсий ва иқтисодий ташаббуслар қўшни давлатлар билан ҳам, халқаро миқёсда ҳам муваффақиятли ҳамкорлик учун замин яратмоқда.

Энергетика, инфратузилма, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари хорижий сармоялар учун энг жозибадор йўналишлардир. Ўзбекистонда ёшларнинг кўплиги ва уларнинг сони доимий ўсиб бораётгани бунга катта ёрдам бермоқда.

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда муносиб ўрин эгаллаши учун мамлакатдаги барқарорлик, самарали давлат бошқаруви, шаффофлик, адолатли иқтисодий шароитлар ва барча сармоядорлар учун ишончли кафолатлар зарур.

Бутун халқаро дзюдо оиласи номидан ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон халқига фаровонлик, мамлакат раҳбари ва ҳукуматига эса мустаҳкам соғлик ва келгуси ишларида муваффақият тилайман.

Ҳозирги ислоҳотлар йўлининг давом эттирилиши ўзбек халқининг бундан кейин ҳам барча соҳаларда ютуқларга эришишининг кафолати бўлиши, шубҳасиз. Сўнгги ўн йилликдаги ютуқлар мамлакат келажаги учун мустаҳкам пойдевор ва келгуси авлодлар учун мерос бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш