12–16 октябрь кунлари пойтахтимизда XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади
Октябрь 03, 2026. 11:40 • 2 дақ
• 79
ТОШКЕНТ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 12–16 октябрь кунлари Ўзбекистон пойтахтида «Воқеалар горизонти» мавзусидаги XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хорижий ва маҳаллий рассомларнинг асарлари пойтахтнинг етакчи музей ва галереяларида намойиш этилади. Дастурга Самарқандга ташриф ҳам киритилган. Бу октябрь ойида мамлакатимизга келадиган маданий туризм ихлосмандларига замонавий санъат ва тарихий мерос билан бир сафарда танишиш имконини беради.
Биеннале 2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинади. Бу йилги мавзу инсоннинг технологик ва маданий ўзгаришлар остонасидаги ҳолатига бағишланган. Концепцияда қадимий карвон йўллари чорраҳасидаги Тошкент «оазис» — умид ва янги маъно рамзи сифатида талқин этилади.
Очилиш маросими 12 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади. Кейинги кунларда Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси ва Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвонсаройида кўргазмалар очилади. Дастурда перформанс, маҳорат дарслари, халқаро илмий-амалий конференция ҳамда мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган «Чархпалак» кўргазмаси ҳам бор. Биеннале 16 октябрь куни якунланади.
2024 йил 14-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган Х биенналеда 40 дан ортиқ хорижий иштирокчилар иштирок этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси