Қоҳирада Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдим этилди
Октябрь 15, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 267ҚОҲИРА, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан “InterContinental Cairo Semiramis” меҳмонхонасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, мисрлик сайёҳлар оқимини ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, “Umrah Plus” халқаро туризм ассоциацияси (UPITA) вакиллари, Миср давлат идоралари раҳбарияти, дипломатик корпус, туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, замонавий инфратузилмани яратиш ва халқаро туристик йўналишларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлади. У Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва зиёрат туризми имкониятларини қайд этиб, мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюришга таклиф қилди.
Миср Туризм ва антиквариат вазири ўринбосари Ёмна Элбаҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, туризм соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма туристик маҳсулотларни яратиш муҳимлигини қайд этди.
Ушбу давлат Вақф вазирлиги вакили Фотима Антар эса Ўзбекистонда Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий меросини асраш ҳамда уларнинг мақбаралари негизида замонавий мажмуалар барпо этиш ишларига юқори баҳо бериб, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда зиёрат туризмининг аҳамиятини эътироф қилди.
UPITA раҳбари Шерзод Сами 2027 йил июнь ойида Мисрда “Tourism Expo” кўргазмасини ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Мазкур кўргазма Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини кенг намойиш этиш, туроператорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун муҳим майдон бўлиши таъкидланди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган мисрлик сайёҳлар сони 7 минг нафардан ошиб, ўтган даврга нисбатан қарийб икки баробар кўпайган. Бу икки мамлакат ўртасида туристик алмашинувни янада кенгайтириш учун салмоқли имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.
Тадбир якунида Миср Туризм федерацияси, “DAHAB” туроператори ва UPITA ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат туроператорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашинувини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





