Logo

"El Espectador": Ўзбекистон бой тарихий мероси, миллий анъаналари ва табиий ландшафтларининг хилма-хиллиги билан сайёҳларни фаол жалб қилмоқда

Май 27, 2025. 09:29 • 2 дақ

45
"El Espectador": Ўзбекистон бой тарихий мероси, миллий анъаналари ва табиий ландшафтларининг хилма-хиллиги билан сайёҳларни фаол жалб қилмоқда

БОГОТА, 27 май. /"Дунё" АА/. Колумбиянинг етакчи "El Espectador" электрон нашрида "Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштиряпсизми? Бу жойларни шунчаки ўтказиб юбормаслик керак!" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва тарихий мероси, барқарор туризм тамойилларига содиқлиги ҳамда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлари билан бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилаётгани таъкидланган.

"Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган асосий мамлакатлардан бири бўлиб, миллий анъаналари, меҳмондўстлиги ва табиий ландшафтларининг хилма-хиллиги билан ҳам сайёҳлар эътиборини жалб этмоқда", – деб ёзилган манбада.

Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган жозибадорлигининг асосий омилларидан бири – бу мамлакатнинг хавфсиз ва ишончли сайёҳлик йўналиши сифатидаги имижини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ислоҳотлардир. Ўзбекистоннинг "БМТ Туризм" (Бутунжаҳон туризм ташкилоти)нинг Сайёҳларни ҳимоя қилиш халқаро кодексига 26-давлат сифатида қўшилиши бу борада айниқса муҳим аҳамият касб этди.

"Қўйилган мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон "очиқ эшиклар" сиёсатини амалга ошириб, 100 га яқин мамлакат фуқаролари учун виза режимини бекор қилди. Яна 55 та давлат, шу жумладан, Колумбия аҳолиси учун мазкур мамлакатга визани тез ва қулай – онлайн тарзда атиги 20 долларга олиш мумкин. Бу чора-тадбирлар инфратузилмага давлат томонидан кенг кўламли сармоялар киритиш билан баравар кечмоқда. Хусусан, сўнгги икки йил ичида тарихий обидаларни таъмирлаш, йўллар, кўприклар, энергия ва сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Давлат томонидан амалга оширилган ушбу ташаббус натижасида 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хусусий инвестициялар жалб қилинди, бу эса, ўз навбатида, туризм соҳасининг ривожланишини тезлаштирди", – деб қайд этган Колумбия ОАВ.

Шунингдек, "El Espectador" ўз ўқувчиларини Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, маданий мероси ва миллий ҳунармандчилиги билан таништирган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш