Logo

Норвегияда "Самарқанд – Буюк ипак йўлининг юраги: Ўзбекистон маданий меросини кашф қилинг" мавзусида тақдимот бўлиб ўтди

Май 03, 2025. 11:52 • 2 дақ

85
Норвегияда "Самарқанд – Буюк ипак йўлининг юраги: Ўзбекистон маданий меросини кашф қилинг" мавзусида тақдимот бўлиб ўтди

ОСЛО, 3 май. /"Дунё" АА/. Норвегия пойтахти Осло шаҳрида "Самарқанд – Буюк ипак йўлининг юраги: Ўзбекистон маданий меросини кашф қилинг" мавзусида тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Норвегия кенг жамоатчилиги, ишбилармон доира вакиллари, журналист ва блогерлар ҳамда Ослодаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.


Тадбир Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ва мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси томонидан жорий йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессиясига кўрилаётган ишлари доирасида ташкил этилди.


Йиғилганлар эътиборига Ўзбекистоннинг туристик ва гастрономик салоҳияти ҳақидаги муҳим маълумотлар тақдим этилди. Кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази бўлган Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарларимизнинг бугунги замонавий қиёфаси, жумладан гўзал ва мафтункор туристик манзиллар тўғрисида таъкидланди.


Ўзбек санъат усталари иштирокидаги концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.


"Жуда ажойиб тадбир бўлди, мазали таомлардан  баҳраманд бўлдик, ўзбек санъат усталарининг чиқишлари эса жуда ҳайратланарли. Мен Ўзбекистонга боришни интизорлик билан кутяпман", деди "Geopolitika.no" журнали бош муҳаррири Хенрик Веренскиолд.


"Бугунги бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистон ва Норвегия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришда катта роль ўйнайди. Бу каби маданий кечалар Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларимизни европада кенг танитиш имкониятини яратади. Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданиятини тараннум этувчи мусиқий чиқишлардан меҳмонлар ва биз ватандошлар жуда мамнун бўлдик", - деди Норвегия энергия технологиялари катта тадқиқотчиси Смагул Каражанов.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш