Тошкент ва Пусан йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди
Июнь 07, 2025. 12:45 • 3 дақ
• 102
ПУСАН, 7 июнь. /"Дунё" АА/. Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрига "Qanot Sharq" авиакомпаниясининг илк самолёти келиб қўнди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. "Пусан-Тошкент" йўналиши бўйича илк парвоз арафасида аэропортда мазкур ҳаво қатновининг тантанали очилиш маросим бўлиб ўтди.
Кимхе халқаро аэропорти ва "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари рамзий қизил лентани кесиб, 285 нафар йўловчига мўлжалланган биринчи рейсга рўйхатдан ўтиш жараёнини бошлаб бердилар.
Шу тариқа, "Qanot Sharq" авиакомпанияси Тошкент ва Пусан ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйди. Парвозлар қулай А-330 самолётларида ҳафтасига икки марта – чоршанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади.
Пусанлик йўловчилар илгари Тошкентдан Сеулга учиб келишлари, кейин эса яна тўрт соатлик йўл босиб Пусанга етиб боришлари керак эди. Бу эса ортиқча вақт ва маблағ талаб қиларди. Эндиликда тўғридан-тўғри Пусан шаҳрига парвоз қилиш имконияти яратилди. Бу йўловчилар учун улкан қулайлик ва енгиллик демакдир. Янги рейс нафақат вақтни тежайди, балки саёҳатни янада ёқимли, тез ва самарали қилади.
Чой Бу Лим, Пусан сайёҳлик уюшмаси вице-президенти:
– Пусандан Тошкентга амалга оширилган илк тўғридан-тўғри авиақатнов тантанали кутиб олинди. Бу муҳим ва тарихий воқеа Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро ишончнинг ёрқин рамзи сифатида тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. Ушбу рейс нафақат икки мамлакат ўртасидаги транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, балки сайёҳликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни кенгайтириш, шу билан бирга маданий ва инсонпарварлик алмашинувини янги босқичга олиб чиқишда беқиёс аҳамият касб этади.
Янги йўналиш орқали икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик ва дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиб, ўзаро англашув ва ҳамкорлик янги даражага кўтарилади, деб ўйлайман.
Канг Да-юн, Глобал шаҳарлар туризмини ривожлантириш ташкилоти бош котиби:
– Пусан ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани билан халқларимизни чин қалбимдан табриклайман. Бу муҳим воқеа халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқот учун янги имкониятлар эшигини очади.
Тўғридан-тўғри рейс фақатгина Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига қизиқувчи Жанубий Корея фуқаролари учун эмас, балки Пусан ва унга яқин вилоятларда истиқомат қилаётган кўплаб ватандошларингиз учун ҳам қулай ва ишончли йўлни яратади.
Ишончим комилки, ушбу авиақатновлар дўстона муносабатларимизни, сайёҳлик ва иқтисодий алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Пусан ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, туристлар оқимининг кескин ошишига, маданий алмашинув ва Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ҳозирги кунда "Qanot Sharq" авиакомпанияси Тошкент-Сеул-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам парвозларни амалга ошириб келмоқда. Пусан шаҳри – Сеулдан кейин Жанубий Кореянинг иккинчи йирик шаҳри ва мамлакатдаги энг катта порт шаҳар ҳисобланади.
Бу замонавий мегаполис денгиз юк ташишлари, гавжум бозорлари, замонавий осмонўпар бинолари ва гўзал соҳиллари билан машҳур. Қирғоқ бўйидаги стратегик жойлашуви туфайли, Пусан Жанубий Корея иқтисодиёти ва халқаро савдосида муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади