Logo

Польша Ўзбекистон вакилларини халқаро туризм ярмаркасига таклиф қилмоқда

Июль 01, 2024. 13:18 • 55 сония

135
Польша Ўзбекистон вакилларини халқаро туризм ярмаркасига таклиф қилмоқда

ВАРШАВА, 1 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг "PTAK WARSAW EXPO" маркази вице-президенти Казимир Цвикла билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонга Польшадан сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш ва Ўзбекистон вакилларининг хорижий давлатлардаги туризм йўналишидаги тадбирларда иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Казимир Цвикла "PTAK WARSAW EXPO" маркази имкониятлари, таклиф қиладиган хизматлар ва лойиҳалар ҳақида батафсил сўзлаб берди. У жорий йил 29 ноябрь – 1 декабрь кунлари Варшава шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган "TT WARSAW–2024" халқаро туризм ва саёҳат ярмаркаси хусусида ҳам тўхталди.

Қайд этилишича, "TT WARSAW"да иштирок этиш янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, миллий брендни илгари суриш ва туризм индустриясининг ҳозирги ва келажак тенденциялари ҳақида қимматли маълумотларни олиш учун кенг имкониятларни тақдим этади.

Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон вакилларининг мазкур ярмаркада иштирокини ишлаб чиқиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.

"TT WARSAW" халқаро туризм ва саёҳат ярмаркаси Польшанинг туризм соҳасидаги асосий кўргазмалардан бири ҳисобланади. Унда туризм бозорининг турли сегментларидан мингдан ортиқ вакиллари иштирок этади. 2023 йил ўтказилган ушбу тадбирда 56 давлатдан 21 минг 145 киши қатнашган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш