Вашингтон шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишди
Май 04, 2025. 12:01 • 2 дақ
• 95
ВАШИНГТОН, 5 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси АҚШ пойтахтида ҳар йили ўтказиладиган "Passport DC - Around the World Embassy Tour" сайёҳлик ва маданий тадбирида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад мезбон давлат аҳолиси ва меҳмонларига мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, ўзбек маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш ҳамда миллий таомларини оммалаштиришдан иборат.
Унда Вашингтонда аккредитациядан ўтган 50 дан ортиқ дипломатик корпус ҳамда АҚШ пойтахти аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этди.
АҚШда ўзбек брендини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар сезиларли фаоллашгани натижасида мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси тадбир иштирокчиларининг энг севимли жойига айланди. Ташкилотчиларга кўра, Ўзбекистон ваколатхонаси кун давомида 12 мингга яқин меҳмонни жалб қилди. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва урф-одатлари, элчихона тарихи ва бошқа маълумотлар ушбу тадбир учун махсус ташкил қилинган "Passport DC" иловаси орқали тақдим этилди.
Шу билан бирга, меҳмонлар ўртасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихи ва сайёҳлик масканлари ҳақидаги материаллар тарқатилди.
Тадбир дастури доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва гастрономик имкониятлари, халқимизнинг тарихий-маданий мероси ва кўп асрлик урф-одатлари, шунингдек, ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари намойиш қилинди.
Ўзбекистон маданияти тақдимоти ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Хусусан, меҳмонлар бой ўзбек миллий ошхонаси, Ўзбекистондаги гастрономик туризмнинг улкан салоҳияти, шунингдек, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизни юксак баҳолашди.
– Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари икки дўст мамлакат учун манфаатли равишда кенг ривожланиб бораяпти, – деди "Diplomatic Watch" бош муҳаррири Виктор Гтевбэ. – Айниқса, бунда маданий алоқалар драйвер вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон элчихонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар эса икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга мустаҳкам замин яратаётир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди