Малайзияда мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган "Ўзбекистон: цивилизациялар чорраҳаси" номли роуд-шоу ўтказилди
Апрель 29, 2024. 07:56 • 2 дақ
• 451
КУАЛА-ЛУМПУР, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Куала-Лумпур шаҳрининг "EQ" меҳмонхонасида "Ўзбекистон: цивилизациялар чорраҳаси" ("Uzbekistan: Crossroads of Civilizations") номли роуд-шоу ва республика туризм дастурлари тақдимоти ташкил қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон ва Малайзиянинг 100 дан ортиқ туризм индустрияси вакиллари, жумладан "Tourism Malaysia" туризмни тарғиб қилиш агентлиги, Ислом туризм маркази, Малайзиянинг "Bumitra" мусулмон сайёҳлик компаниялари ассоциацияси раҳбарияти ҳамда туроператорлари иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари, Туризм қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Туризм бошқармаси ўз тақдимотларида иштирокчиларга мамлакатимизда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, республиканинг "Asia Tour Elite", "Euroasiatravel", "Samo and Tavakkalna Travel" компаниялари ва "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси вакиллари томонидан туризм дастурлари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, тарихий-маданий туризм, зиёрат туризми, қишки туризм, гастрономик туризм каби сайёҳлик дастурлари ва ишбилармонлик туризми (MICE) имкониятлари малайзияликларга таништирилди. Ўзбекистонда бой маданий мерос мавжудлиги ҳамда янги сайёҳлик марказлари ва туризм қишлоқлари барпо этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тақдимот давомида охирги йилларда виза режимининг соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби жорий қилиниши сайёҳлар сонини оширишга хизмат қилаётганига урғу берилди. Шунингдек, икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашда "Uzbekistan Airways" ва "Batir Air Malaysia" компанияларининг тўғридан-тўғри авиақатновлари алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Тошкентдан ташриф буюрган бир гуруҳ санъаткорлар томонидан тадбир иштирокчиларига ўзбек миллий рақс, мумтоз мусиқа ва қўшиқлари намойиш қилинди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Малайзия туроператорлари ўртасида ўтказилган B2B музокаралар натижасида 2024 йилда республикага ташриф буюрадиган малайзиялик сайёҳлар сонини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




