Ўзбекистон вақтинча яшаш учун уй-жой қидириш ва бронь қилиш бўйича Американинг онлайн платформаси билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилмоқда
Октябрь 03, 2026. 14:50 • 2 дақ
• 155ВАШИНГТОН, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси ва Туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий PR-маркази кўмагида “Airbnb” онлайн-платформаси вакиллари билан онлайн-учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда “Airbnb”нинг федерал масалалар бўйича раҳбари Акила Пауэлл ва халқаро муносабатлар сиёсати бўйича масъул Наяна Рену Кумар иштирок этдилар.
Учрашувда мамлакатимизда туристик соҳа жадал ривожланаётгани, хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонга 12 миллионга яқин хорижий сайёҳ келгани, 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса бу кўрсаткич 7,8 миллионни ташкил этгани қайд этилди. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 13,4 миллиондан ортиқ ички сафарлар амалга оширилгани таъкидланди.
Томонлар мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, вақтинчалик турар жойларни излаш ва брон қилиш бўйича жаҳондаги етакчи платформа ҳисобланган “Airbnb” фаолиятини Ўзбекистонда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўли салоҳияти, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари, шунингдек, тоғли ва қишлоқ ҳудудлари имкониятларини мазкур платформа орқали кенг тарғиб қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
“Airbnb” вакиллари Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига катта қизиқиш билдириб, мамлакатда йирик халқаро форумлар, спорт мусобақалари ва кўргазмалар ўтказиладиган пайтларда меҳмонхона инфратузилмасига тушадиган қўшимча юкламани бартараф этишда муқобил жойлаштириш хизматлари муҳимлигини таъкидладилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистондаги жойлаштириш объектлари сонини платформада кўпайтириш, маҳаллий уй эгалари ва тадбиркорларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизлик стандартларини таъминлаш боғлиқ амалий ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


