Тошкентда Ўзбекистон–Беларусь туризм форуми ўз ишини бошлади

Ноябрь 26, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 143
Тошкентда Ўзбекистон–Беларусь туризм форуми ўз ишини бошлади

МИНСК, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон–Беларусь туризм форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Беларуснинг “News.By” нашрига таяниб.

Нашрда маълум қилинишича, ушбу халқаро форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил июль ойида Минскка ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича имзоланган “Йўл харитаси” ижроси доирасида ташкил этилди.

“Йўл харитаси”да илгари сурилган маданий-маърифий, оилавий, тиббий ва санаторий-курорт туризми йўналишларидаги устувор вазифалар форумнинг асосий мавзусига айланди.

Тошкентда ўзбекистонлик туроператорлар ва соҳа вакиллари билан тўғридан-тўғри B2B форматида музокаралар ўтказиш ҳамда истиқболли шартномалар имзолаш мақсадида Беларуснинг 25 та ташкилоти вакиллари ташриф буюрди. Хусусан, ҳудудий бошқарув органлари, “Белавиа” авиакомпанияси, етакчи санаторийлар ва “Беловежская пуща” миллий боғи вакилларидан иборат 42 кишилик делегация Ўзбекистонга келди.

Шунингдек ўқинг

Беларусь Миллий туризм агентлиги директори Кирилл Машарский сайёҳлик ярмаркаси давомидаги таассуротлари ҳақида фикр билдирди.

“Биз ўзбекистонлик дўстлар ва ҳамкорларимиз қизиқишини таҳлил қилган ҳолда, сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётган санаторий-курортлар, тиббий хизматлар ва экотуризм бўйича рақобатбардош таклифларимизни тақдим қилаяпмиз”, – дейди Кирилл Машарский.

Сўнгги йилларда ўзбекистонлик сайёҳларнинг фаоллиги туфайли Ўзбекистон Беларусга ташриф буюрувчи фуқаролар сони бўйича етакчи давлатлар ўнталигидан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.

Тошкентдаги форум якунлари бўйича томонлар ўзаро сайёҳлар оқимини янада оширишга қаратилган қатор келишувларга эришиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш