Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди

Июль 16, 2026. 09:30 • 2 дақ

108
Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди
Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди
Истанбулдаги халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми намойиш қилинди

ИСТАНБУЛ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Умра+Зиёрат туризми” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий экспозицияси намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Лутфи Кирдар конгресс-кўргазма марказида ташкил этилган нуфузли тадбирда 400 дан ортиқ хорижий компания ҳамда Туркия туризм соҳасининг қарийб 1,5 минг нафар вакили иштирок этди.

Умра туризми ташкилотлари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлари, муқаддас қадамжолари, бой тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Экспозицияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларининг туризм имкониятлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар, машҳур зиёратгоҳлар ҳамда сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар кенг ёритилди.

Кўргазма доирасида миллий анъаналар, ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари, меҳмондўстлик маданияти ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган тақдимотлар ҳам ўтказилди.

Туркия, Яқин Шарқ давлатлари ва бошқа мамлакатлардан келган туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона бизнеси ва зиёрат туризми соҳаси вакиллари билан B2B форматида икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Суҳбатлар давомида Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатимизнинг Марказий Осиёда зиёрат туризмининг етакчи йўналишларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш