Тошкент–Маврикий ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Сентябрь 08, 2026. 18:39 • 2 дақ

201
Тошкент–Маврикий ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 26 декабрдан илк бор Тошкент–Маврикий йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

uzbektourism.uz портали маълумотига кўра, Тошкентда Ўзбекистон ва Маврикий туризм бизнеси вакиллари ўртасида икки томонлама очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” компанияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Маврикийнинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхона брендлари вакиллари ҳамда маҳаллий туроператорлар иштирок этди.

Учрашув давомида қўшма туристик лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Режага кўра, биринчи босқичда 26 декабрь ва январь ойларида Тошкент–Маврикий–Тошкент йўналишида жами тўртта рейс амалга оширилади. 2027 йил июнь ойидан бошлаб ушбу йўналишда ҳафтасига бир марта мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Узунлиги қарийб 7 минг километр бўлган янги йўналиш Ўзбекистон туризм соҳаси учун нафақат Африка қитъасида янги бозор очади, балки Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан келадиган йўловчилар оқимини Маврикийга йўналтиришда Тошкентнинг транзит марказ сифатидаги салоҳиятини ҳам оширади.

Келажакда Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан келган сайёҳлар Маврикийга Тошкент орқали парвоз қилиш имкониятига эга бўлади.

Авиақатновлар 2026 йилдан бошлаб ҳар йили июнь–август ойларида амалга ошириладиган “Очиқ сайёҳлик мавсуми” дастури доирасида йўлга қўйилмоқда.

Дастурда туризм бозори иштирокчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўзда тутилган: янги йўналишларни очаётган авиаташувчиларга ҳар бир жалб қилинган хорижий сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ҳамда аэропорт хизматларига 20 фоизлик чегирма тақдим этилади.

Маҳаллий туроператорларга эса узоқ хориж мамлакатларидан жалб қилинган ҳар 1000 нафар сайёҳ учун 5 минг АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан Ҳинд океанидаги орол-давлат – Маврикий ўртасида дипломатик муносабатлар 1999 йил 4 августда ўрнатилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш