Таиланддаги халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди
Август 02, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 111СОНГКХЛА, 2 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари Таиланднинг Шаҳзода Сонгкхла университетида бўлиб ўтаётган 15-Бутунжаҳон ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси ва “World HAPEX 2026” халқаро анжуманида иштирок этмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Таиланд, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Малайзия, Покистон, Бангладеш ва Хитойнинг давлат идоралари, бизнес, илмий доиралар ҳамда саноат вакиллари қатнашмоқда.
Панель муҳокамасида сўзга чиққан Ўзбекистон бош консули Фахриддин Султонов мамлакатимиз 2019 йилдан буён Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти (SMIIC) аъзоси эканини қайд этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом дунёси давлатлари билан очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожлантирилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, кўргазма доирасида Бош консулхона томонидан мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, бой миллий маданияти ва анъаналарига бағишланган миллий павильон ташкил этилди. Унда Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Имом Бухорий каби буюк алломалар мероси, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги китоблар ва видеоматериаллар намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазма 30 июлдан 2 августга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




