Оқтовда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти намойиш этилди
Июль 27, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 230ОҚТОВ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ҳамда “AKFA Medline” клиникаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда 100 нафардан ортиқ сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона бизнеси, тиббиёт муассасалари, маҳаллий давлат идоралари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, тиббий, гуруҳли ва транзит туризми имкониятлари, шунингдек, хорижий сайёҳлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сайёҳлар алмашинувини фаоллаштиришда муҳим омил экани таъкидланди. Иштирокчилар Тошкентда ташкил этилган тунги туризм кўчалари ҳамда 7–9 август кунлари Хива шаҳрида ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивали ҳақида ҳам хабардор қилинди.
Тадбир якунида томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


