Тожикистондан муносабат: Марказий Осиё ҳамкорликнинг янги моделларини яратувчи кучга айланмоқда
Август 02, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 60
ДУШАНБЕ, 2 август. /“Дунё” АА/. Тожикистондаги Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким “Дунё” ААга 30 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон–Қирғизистон саммити якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ўзбек–қирғиз муносабатлари ривожланишининг барқарор динамикасини кўрсатди. Музокаралар чоғида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсаётганини қайд этиб, яқин истиқболда уни янги мақсадли кўрсаткичларга етказиш ниятида эканини таъкидлади.
Эришилган натижалар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим кўринишидир. Бироқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг муваффақиятли ривожланишининг сиёсий аҳамияти икки давлат алоқалари доирасидан анча кенг.
Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифининг асосий натижаси Марказий Осиёда устувор ўрин эгаллаган Ўзбекистоннинг изчил ташқи сиёсатидан иборат. Сўнгги йилларда, яъни 2016 йилдан сўнг Тошкент минтақанинг барча давлатлари билан ўзаро ишончни мақсадли равишда мустаҳкамлаб, икки томонлама муносабатларни ягона минтақавий стратегияга айлантириб келмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги барқарорлик Марказий Осиёнинг янги сиёсий меъморчилиги шаклланаётгани ҳақида ишонч билан сўз юритиш имконини беради.
Бугунги кунда минтақавий ҳамкорлик янгича мантиқ асосида ривожланмоқда. Агар илгари тўпланиб қолган зиддиятларни бартараф этиш асосий устувор вазифа бўлган бўлса, эндиликда Марказий Осиё давлатлари биргаликда узоқ муддатли ривожланиш кун тартибини шакллантирмоқда. Шу тариқа ишонч ҳамкорликнинг натижаси эмас, балки унинг бошланғич нуқтасига айланмоқда. Марказий Осиёдаги замонавий минтақавий сиёсатнинг сифат жиҳатдан ўзгариши айнан шунда намоён бўлади.
Ўзбекистон етакчисининг давлат ташрифи мантиқий давоми Иссиқкўлда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг биринчи норасмий Маслаҳат учрашуви бўлди. Минтақавий мулоқотнинг янги босқичи айнан норасмий шаклда бошланаётгани рамзий маънога эга. Бундай учрашувлар нафақат фикр алмашиш майдони, балки ҳамкорликнинг келажакдаги меъморчилиги ғоялари шаклланадиган ўзига хос сиёсий лойиҳалаштириш марказига айланиб бораётганидан далолат беради.
Озарбайжоннинг иштироки алоҳида эътиборга лойиқдир. Унинг иштироки Марказий Осиё кенгайганини англатмайди ва Маслаҳат учрашувининг йўналишини ўзгартирмайди. Бу ерда аралаш сиёсий формат деб таърифлаш мумкин бўлган тамомила янги механизм юзага келмоқда. Унинг вазифаси ҳар бир минтақанинг мустақиллигини сақлаган ҳолда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликни мувофиқлаштиришдан иборат.
Кўз ўнгимизда яна бир янги тенденция шаклланмоқда. Агар “ишонч–ҳамкорлик–ўзаро боғлиқлик” формуласи Марказий Осиё доирасида ўз самарадорлигини исботлаган бўлса, энди у қўшни минтақалар ўртасидаги алоқаларга ҳам жорий этила бошланмоқда. Халқаро муносабатларнинг минтақалараро ўзаро боғлиқлик деб аташ мумкин бўлган янги бир сифати юзага келмоқда. Унинг асосини расмий мажбуриятлар эмас, балки тўпланган сиёсий ишонч даражаси ташкил этади.
Айнан шунинг учун ҳам юз бераётган жараёнларнинг асосий натижаси фақатгина янги ҳужжатлар ва қўшма лойиҳалар билан чекланиб қолмаяпти. Марказий Осиё аста-секин ишончни шакллантириш бўйича ўзининг муваффақиятли тажрибасини татбиқ қила бошламоқда. Аслида, гап минтақавий дипломатиянинг янги ресурси – қўшни сиёсий маконларни анъанавий интеграция механизмларига қараганда анча самаралироқ бирлаштиришга қодир бўлган сиёсий ишонч экспорти ҳақида кетмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ўзининг халқаро майдондаги ролини аста-секин ўзгартирмоқда. Минтақа нафақат ўз субъектлигини мустаҳкамлаяпти, балки минтақалараро ҳамкорликнинг янги моделларини яратувчи кучга ҳам айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси