Брюсселда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти намойиш қилинди
Апрель 21, 2026. 19:58 • 2 дақ
• 412
БРЮССЕЛЬ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Бельгия пойтахтида Ўзбекистон элчихонаси ва “Foreign Integration” компанияси вакиллари ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, туризм ва маданият соҳаси мутахассислари қатнашди.
Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланишидаги замонавий тенденциялар, инфратузилмани яхшилаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, зиёрат, гастрономик ва экологик туризм имкониятлари алоҳида таъкидланди. Европа давлатлари томонидан Ўзбекистон туристик бозорига қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди.
Тақдимот давомида хорижий ҳамкорларга Ўзбекистон билан янада фаол ҳамкорлик қилиш ва Тошкент халқаро туристик ярмаркасида иштирок этиш таклиф қилинди.
Тадбир доирасида миллий либослар, жумладан матолардан тайёрланган қўл меҳнати намуналари намойиш этилди. Меҳмонларга мамлакатнинг туристик имкониятлари ҳақида видео-роликлар намойиш этилиб, ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди.
Иштирокчилар тадбирни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Бенилюкс давлатларида кенг тарғиб қилишга қизиқиш билдирди. Уларнинг фикрича, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Бельгия, Нидерландия ва Люксембург билан туризм соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси