Ўзбекистон делегацияси “ITB China 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этди
Июнь 03, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 134
ШАНХАЙ, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги делегация Шанхай шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида делегация ҳар йили ўтказиладиган “ITB China 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этиб, мамлакатнинг сайёҳлик ва маданий салоҳиятига бағишланган миллий стендни тақдим этди.
Тадбирда 80 дан ортиқ хорижий давлатдан 600 га яқин компания, 1 минг нафардан зиёд харидор ҳамда 250 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кўргазмада иштирок этган Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари ва авиаташувчилари ўз маҳсулотлари ва хизматларини миллий стендда намойиш этди. Улар Хитой сайёҳлик компаниялари вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борди.
Абдулазиз Аққулов Хитойнинг нуфузли авиакомпаниялари, йирик туроператорлари ва меҳмонхона тармоқлари раҳбарияти билан учрашиб, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Хитойдан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Шанхай шаҳрида йирик халқаро туроператор компаниялари – “Trip.com” ҳамда “Spring Airlines” авиакомпанияси раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
“Trip.com” вакиллари билан учрашувда томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини нафақат Хитойда, балки Таиланд, Малайзия ва Индонезия бозорларида ҳам тарғиб қилиш бўйича келишув имзоланди.
Шунингдек, Хитойнинг “Jinjiang Hotels” меҳмонхоналар тармоғи раҳбарияти билан музокара ўтказилиб, Ўзбекистонда ушбу бренд остида меҳмонхоналар очиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида мазкур компаниялар вакилларининг яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюриши тўғрисида келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




