Челябинскда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган музокаралар ўтказилди
Апрель 13, 2026. 09:15 • 2 дақ
• 163ЧЕЛЯБИНСК, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси дипломатлари хизмат сафари билан Челябинск вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Россиянинг Урал федерал округи ҳудудларидан Ўзбекистонга туристлар оқимини ошириш ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.
Ташриф доирасида дипломатлар “UK Sigma-Xolding” МЧЖ экспорт битимлари бўйича етакчи менежери Алена Чернышова билан учрашди. Мулоқот чоғида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган кунгабоқар ёғини Ўзбекистон ҳудудида олиб кириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бош консулхона вакиллари Челябинск вилояти Туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Александра Митенкова, Касаба уюшмалари федерацияси раиси Олег Екимов ҳамда ҳудуднинг етакчи 6 та туроператор компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати давлат муассасаси вакили видеоконференция орқали уланди.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда мамлакатнинг асосий туристик йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда сайёҳлар хавфсизлиги юқори даражада таъминлангани алоҳида таъкидланди.
Александра Митенкова Челябинск вилояти аҳолиси орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш барқарор ўсиб бораётгани, мамлакат эса истиқболли туристик йўналиш ҳамда бизнес-миссиялар учун муҳим майдонга айланаётганини қайд этди.
Томонлар Челябинск вилояти ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўқлиги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири эканини айтди. Россия томони, Ўзбекистон фуқароларини Челябинск вилоятининг табиий сайёҳлик жойларига жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув давомида Челябинск вилояти туризм компаниялари иштирокида пресс-турлар ташкил этиш орқали Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини янада кенг тарғиб қилиш таклифи илгари сурилди.
Ташриф доирасида Челябинск шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тақдим этиш мақсадида road-show ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Россия томони ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тадбирни ташкил этиш ва маҳаллий туроператорларни жалб қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



