“The Wall Street Journal”: 20 ёшли ўзбек шахмат вундеркинди дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини мағлуб этмоқда
Апрель 10, 2026. 08:10 • 4 дақ
• 90
ВАШИНГТОН, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Американинг машҳур “The Wall Street Journal” газетасида сўнгги пайтларда ўзининг ёрқин ғалабалари билан шахмат оламида шов-шув кўтараётган ўзбек шахматчиси Жавоҳир Синдаров ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпиони унвони учун курашда рақибларини бирин-кетин мағлуб этмоқда. Унинг ўйини ҳатто Магнус Карлсенни ҳам ҳайратга солган.
Америкалик гроссмейстер Хикару Накамура ўтган ҳафта Кипрда шахмат тахтаси олдида ўтириб, ўзини мутлақо йўқотиб қўйгандай ҳис қилди. Блиц-шахматдаги истеъдоди билан танилган ва жаҳон рейтингининг иккинчи рақами бўлган бу шахматчи биргина юриш учун 67 дақиқа сарфлади.
Унинг рақиби 20 ёшли ўзбекистонлик вундеркинд Жавоҳир Синдаров эди. Жаҳон чемпиони унвони учун даъвогар бўлган Накамура ҳам шахмат оламини ларзага солган ёш ўйинчига қарши қандай йўл тутишни билмай қолди.
Узоқ ва изтиробли ўйлардан сўнг Накамура Синдаров тузоғига тушиб қолди.
“У бир соат ўйлади ва хатога йўл қўйди. Шундан кейин устунликдан фойдаландим ва менимча, жуда яхши ўйнадим”, деди Синдаров.
Кипрда бўлиб ўтаётган Номзодлар турниридаги бу ғалаба Синдаровни пешқадамлар сафига олиб чиқди. Мазкур мусобақа ғолиби жаҳон чемпиони унвони учун ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади. Етти партиядан сўнг Синдаров шахмат элитаси қаторига кирди: бешта ғалаба билан у турнирдаги ғалабалар бўйича рекордни такрорлади. Шу билан бирга, мусобақа якунлангунга қадар уни яна еттита ўйин кутмоқда.
Шахмат жамоатчилиги бундай натижани кутмаган эди. Иштирокчилардан уч нафари Синдаровдан юқори рейтингга эга бўлиб, даъвогарлар турнири одатда тажрибали ўйинчиларни устун қўяди. Шунга қарамай, Синдаров ўсмирлик давриданоқ жадал ривожланиб, буюклик сари интилиб келмоқда. У бир вақтлар тарихдаги иккинчи энг ёш гроссмейстер бўлган ва бугун ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этмоқда.
Дастлабки беш партияда тўрт ғалаба ва бир дуранг қайд этганидан сўнг, ҳатто Магнус Карлсен ҳам унинг ўйинидан ҳайратда қолди.
Синдаров Тошкентда туғилган. У дастлаб бобоси қўл остида таҳсил олган. Қисқа вақт ичида у шахмат тарихидаги энг тез ривожланаётган ўйинчилардан бирига айланди. Жавоҳир 13 ёшгача гроссмейстер унвонини олган беш нафар шахматчидан биридир.
АҚШ матбуотининг таъкидлашича, Ўзбекистонда илгари шахмат анъаналари унчалик кучли бўлмаган бўлса-да, бугун бу соҳада юксалиш даври кузатилмоқда. 2004 йилда тошкентлик Рустам Қосимжоновнинг жаҳон чемпиони бўлиши мамлакатда шахматга бўлган қизиқишни оширди. Кейинчалик мактабларда шахмат жорий этилди, клублар қўллаб-қувватланди. 2021 йилда эса шахматни ривожлантириш бўйича давлат дастури қабул қилинди.
Натижада, ўзбек шахматчилари халқаро майдонда фаол кўрина бошлади. Етти йил аввал топ-100 таликда бирорта ҳам ўзбекистонлик бўлмаган бўлса, бугун топ-50 да тўрт нафар ўзбек шахматчиси ўрин эгаллаган. Улар орасида дунёнинг тўртинчи рақами Нодирбек Абдусатторов ҳам бор.
Абдусатторов ва Синдаров 2022 йилги шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ғалаба қозонган. Уларнинг мураббийи собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов эди.
“Ҳозирги ёшлар бизнинг давримиздагига қараганда анча эрта гроссмейстер даражасига чиқмоқда. Мен уларнинг ёшида ҳатто бу нима эканини ҳам билмасдим”, деган эди Қосимжонов.
Мақолада қайд этилишича, Синдаровнинг жаҳон чемпиони бўлиш имкониятига эга бўлишига 2022 йилда Магнус Карлсеннинг титулни ҳимоя қилмаслик қарорини қабул қилгани ҳам таъсир қилди. У қарийб ўн йил давомида классик шахматда ҳукмронлик қилган эди.
Карлсеннинг кетиши янги авлод гроссмейстерларига йўл очди. Улар орасида хитойлик жаҳон чемпиони Дин Лижен ва тарихдаги энг ёш мутлақ чемпион Гукеш Доммаражу ҳам бор.
Эндиликда Доммаражу каби рақиблар замонамизнинг энг креатив ўйинчиларидан бири Синдаров билан тўқнаш келиши мумкин. Даъвогарлар турнирида айрим рақиблар уни назариядан четлатиб, интуиция ва интеллектуал курашда енгишга уринди.
Бироқ бу ҳам самара бермади. Масалан, Вей Ига қарши партияда Синдаров кутилмаган импровизациялар орқали, қора доналар билан ўйнаганига қарамай, ғалаба қозонди.
“Агар позиция динамик бўлса, мен ҳар доим бундай ўйиндан завқ оламан”, дейди Синдаров.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси