Куала-Лумпурда Самарқанднинг иқтисодий ва туризм салоҳияти намойиш этилди
Апрель 07, 2026. 11:50 • 2 дақ
• 141
КУАЛА-ЛУМПУР, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва туризм салоҳиятига бағишланган йирик бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир Малайзиядаги энг йирик “MATTA Fair” сайёҳлик кўргазмаси олдидан маҳаллий туроператорларни юртимиз имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилди. Анжуманда 150 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, Ўзбекистон-Малайзия бизнес алянси, Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE), “Tourism Malaysia” агентлиги ҳамда қатор нуфузли туризм ассоциациялари раҳбарлари ва етакчи тадбиркорлар иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Адиз Бобоев ва Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев сўзга чиқиб, малайзиялик инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ва сайёҳлар учун тақдим этилаётган кенг имкониятларга тўхталдилар. MATRADE раиси ўринбосари Жай Шанкар ўз нутқида Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бири деб атади ва Самарқанд вилояти нафақат туризм, балки меҳмонхона бизнеси ҳамда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини очиш учун жуда жозибадор ҳудуд эканини эътироф этди.
Тадбир давомида Самарқанд делегацияси “Malaysian Airlinesя”, “Air Asia” ва “Batik Air” каби йирик авиакомпаниялар, шунингдек, “Orion Consorsium” ва “Spora Global” каби инвестор компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришди. Форум доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ўтказилган “B2B” учрашувлари амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бизнес-форум якунида ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини намойиш этиш мақсадида миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Айниқса, дастурхонга тортилган машҳур Самарқанд палови малайзиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги иқтисодий ришталарни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, Самарқандга келувчи сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси