“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон Кувайтдан келадиган сайёҳлар оқимини икки баробарга оширишни режалаштирмоқда

Июнь 25, 2026. 09:00 • 2 дақ

125
“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон Кувайтдан келадиган сайёҳлар оқимини икки баробарга оширишни режалаштирмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг “Al Jarida” газетасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси ва Миллий PR-маркази директори Шаҳбоз Саидхонов билан ўтказилган интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрга берган интервьюсида Шаҳбоз Саидхонов Ўзбекистон минтақанинг энг жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бирига айланганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат Кувайт сайёҳлик тизимида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш, таништирув турлари сонини кўпайтириш, туризм компаниялари ва сармоядорларини жалб этиш устида фаол иш олиб бормоқда.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон–­­Кувайт муносабатларининг мустаҳкамланаётгани сайёҳлар оқимининг ошишига ёрдам бермоқда. Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлик, маданий ва иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиб, алоҳида аҳамият касб этди.

Шунингдек, Туризм қўмитаси вакили Миллий PR-маркази Кувайт сайёҳлик агентликлари, блогерлари ва журналистлари учун таништирув сафарларини ташкил этаётгани, бу эса мамлакатнинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон сайёҳларга фақат тарихий обидаларни таклиф қилибгина қолмаслигини ҳам қайд этди. Йил давомида мамлакатда турли фестиваллар, маданий тадбирлар ва халқаро концертлар ўтказилади. Бундан ташқари, сентябрь ойидан бошлаб бир қатор халқаро кинокомпаниялар Ўзбекистонда фильмлар суратга олишни бошлашни режалаштирмоқда.

Кувайт бозорида сайёҳлик йўналишини илгари суриш ҳақида гапирар экан, Шаҳбоз Саидхонов Ўзбекистон халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этаётгани ва янги маркетинг дастурларини амалга ошираётганини айтди. У, шунингдек, Кувайт сайёҳлик компаниялари ва сармоядорларини жорий йил 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилди. Тадбир доирасида илк бор инвестиция форуми ҳам ўтказилади.

Интервьюда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2023 йилда 11 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қилган. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида эса мамлакатга 5,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўпдир.

Қайд этилишича, мамлакат ҳукумати туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, янги туризм маҳсулотларини яратиш ва хизматлар сифатини ошириш борасидаги ишларни давом эттирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш