Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди

Июнь 22, 2026. 12:00 • 2 дақ

80
Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди
Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди
Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди

АР-РИЁЗ, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси томонидан “Бутунжаҳон мероси куни” муносабати билан кўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистоннинг маданий мероси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур марказ ислом тарихи, маданияти ва илм-фанини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга қаратилган бўлиб, ўз майдони ва қамрови бўйича дунёдаги энг йирик илмий-маърифий мажмуалардан бири экани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, элчихона дипломатлари томонидан Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган ҳолда Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғлаб келгани, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Фарғона каби кўҳна шаҳарларнинг ноёб меъморий обидалари ҳамда халқимизнинг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари жаҳон маданиятининг ажралмас қисми экани таъкидланди.

Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил давлат сиёсати ва зиёрат, гастрономик, экологик ҳамда тоғ туризми йўналишларида яратилган замонавий шароитлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, сўнгги йилларда мазкур соҳа иқтисодиётнинг муҳим драйверига айлангани, Кўрфаз давлатлари – Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Уммон ва Иордания фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим ҳамда “E-visa” тизими жорий этилгани сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилаётгани маълум қилинди.

Кўргазма давомида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига юртимизнинг тарихий шаҳарлари ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи видеороликлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда республикамиз туризм компанияларининг тарғибот буклетлари тақдим этилди.

Тадбир якунида хорижлик меҳмонларга ўзбек миллий таомлари, юртимизнинг табиий маҳсулотлари – тоғ асали, қуруқ мевалар ва миллий ширинликлар тортиқ қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш