Logo

Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди

Декабрь 22, 2025. 12:07 • 2 дақ

148
Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди
Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди
Берлинда Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти тақдим этилди

БЕРЛИН, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида ГФР хорижий тоғ-кон саноати ва хомашё соҳасида халқаро фаолият уюшмаси (FAB) ҳамда Германия хомашё ресурслари агентлиги (DERA) томонидан Марказий Осиё давлатлари элчихоналари билан ҳамкорликда минтақа минерал-хомашё салоҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда ушбу мамлакат тегишли давлат идоралари ва саноат корхоналари вакиллари, дипломатик корпус раҳбарлари, илмий муассасалар мутахассислари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов йиғилганларга юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бой минерал-хомашё захиралари, тоғ-кон ва геология соҳасидаги янгиланишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган инвестициявий муҳит, қонунчилик асослари, имтиёз ва қулай шарт-шароитлар хусусида тўхталиб ўтди. Дипломат геология-қидирув ишлари, қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш йўналишларида Ўзбекистон Германия билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққан Германиянинг қатор соҳа вакиллари, хусусан, “Project Consult GmbH” компанияси вакили Кристофер Демел, “Thyssen Schachtbau GmbH” МЧЖ вакили Олександр Коваль ва “Noble Elements GmbH” вакили Рюдигер Шварц ва бошқалар Ўзбекистонда тоғ-кон ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий натижа бераётганини таъкидладилар. Улар мамлакатда ер ости бойликларидан фойдаланиш жараёнларининг шаффофлашуви, янги қидирув майдонларининг хорижий лойиҳалар учун очилаётгани ва халқаро компаниялар билан ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этдилар.

Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистонни замонавий кон-қурилиш ҳамда шахта инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича истиқболли бозор сифатида баҳолаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар. Нодир металларга оид ташаббуслар доирасида эса мамлакатимизнинг ресурс салоҳияти ҳамда инвесторлар учун очиқлиги юқори баҳоланди.

Тадбир давомидаги мулоқотлар Ўзбекистонга бўлган қизиқиш изчил ортиб бораётгани, стратегик хомашё йўналишида Германия билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари кенгаётганини кўрсатди.

Учрашувлар доирасида геология-қидирув ва тоғ-кон соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, соҳадаги ташкилотлар ўртасида доимий мулоқот механизмларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди ва келгусидаги ҳамкорлик қадамлари белгилаб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш