Ҳиндистонда ўзбек кураши бўйича навбатдаги миллий чемпионат якунланди
Январ 17, 2026. 14:08 • 56 сония
• 134
ДЕҲЛИ, 17 январь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг Патна шаҳрида кураш бўйича ўсмирлар ўртасида 13-Ҳиндистон миллий чемпионати юқори ташкилий савияда ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу мусобақа ўзбек миллий курашининг халқаро майдонда, жумладан Осиё қитъасида оммалашиб бораётганининг навбатдаги ёрқин намойиши бўлди.
Чемпионатда мамлакатнинг 22 та штатидан келган терма жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб борди. Уч кун давом этган беллашувларда 670 нафардан ортиқ полвон ўз маҳоратини намойиш этди.
Мусобақаларни 35 нафар малакали рефери кураш бўйича халқаро қоидалар асосида бошқариб борди. Шунингдек, 69 нафар мураббий ўз шогирдларига бош-қош бўлди. Ҳакамлик имтиҳонининг 22 нафар иштирокчиси ҳам жараёнга жалб этилди.
Халқаро кураш ассоциацияси техник директори ва Ҳиндистон Кураш федерацияси президенти Рави Капурнинг таъкидлашича, бу каби мусобақалар Ҳиндистонда кураш спортини тизимли ривожлантириш ва миллий терма жамоа заҳирасини шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда ўзбек кураши чегара билмас спорт турига айланиб улгурди. Ҳиндистон каби аҳолиси гавжум мамлакатда 600 дан ортиқ ёш спортчининг бир чемпионат доирасида жам бўлиши — миллий қадриятимиз бўлган курашнинг дунё бўйлаб юксак нуфузга эга бўлиб бораётганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси