Ўзбекистон ва Хитой археологлари қадимий Қува шаҳристони деворларининг илк қисмларини аниқладилар
Январ 17, 2026. 12:37 • 2 дақ
• 40ИСЛОМОБОД, 17 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” газетаси, “The Diplomatic Insight” журнали, “The Daily Cpec”, “The World News” ва “Pakistan Economic Network” каби электрон нашрлари Ўзбекистон ва Хитой археологлари Қува шаҳристони деворларининг қадимий қисмларини аниқлагани ҳақидаги мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Уларда Фарғона водийсида Ўзбекистон ва Хитой археологлари Қува шаҳристонига тегишли қадимий мудофаа деворларининг изларини топгани хабар қилинган. Қайд этилишича, мутахассислар топилма даврини милоддан аввалги III асрдан милодий X асргача бўлган оралиққа мансуб, дея баҳоламоқда.
Маълум қилинишича, топилма «Лоян – Фарғона» қўшма экспедицияси ишлари давомида қайд этилди. Экспедиция иштирокчиларига кўра, бу далил Буюк ипак йўли бўйлаб шаклланган шаҳарлардан бирининг тарихий тараққиёти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни ёритишда муҳим ашёвий манба бўлиб хизмат қилади.
“Қува шаҳристони Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, майдони қарийб 110 минг квадрат метрни ташкил этади. Қадимда ушбу ҳудуд Ипак йўлининг йирик тугунларидан бири бўлган ва икки минг йилдан ортиқ вақт давомида Хитой билан мунтазам алоқаларни сақлаб келган. Дастлабки таҳлиллар мудофаа иншоотлари турли даврларда бир неча бор қайта қурилганини кўрсатди: Парфия подшолиги, Давон давлати ва Суғдиёна даврларидан тортиб Сомонийлар замонигача”, дейилган мақолаларда.
Хитой томони раҳбари Лю Биннинг таъкидлашича, девор қурилишидаги технологик ўзгаришлар турли асрларда қайси материаллар қўллангани ва минтақалар ўртасида маданий алмашинув қандай кечганини англашга ёрдам беради.
Қўшма археологик гуруҳ 2023 йилда Лоян археология институти ҳамда Фарғона давлат университети ҳамкорлигида тузилган. Ҳозиргача ҳудуддан саройлар, шаҳар дарвозалари, деворлар, турар жойлар, кўчалар ва ҳунармандчилик устахоналари излари топилган. Олимлар келаси йилда сарой мажмуасида тизимли қазиш ишларини бошлашни, натижада қадимий шаҳар режасини ва унинг функцияларини тўлиқроқ тиклашни режалаштирмоқда.
“Жорий йилда биз сарой ҳудудида тизимли қазиш ишларини олиб бориб, қадимий шаҳарнинг тўлиқ режаси ва функционал ҳудудларини янада аниқлашни режалаштиряпмиз”, – дея Лю Бин сўзларидан иқтибос келтирилган манбалар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


