Logo

Германиядан муносабат: Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-2027 йилларда ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолади

Январ 17, 2026. 14:40 • 2 дақ

62
Германиядан муносабат: Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-2027 йилларда ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолади

БЕРЛИН, 18 январь. /“Дунё” АА/. Германиянинг нуфузли “Germany Trade & Invest” таҳлилий агентлиги (GTAI) эксперти Уве Штробах Ўзбекистон иқтисодиётининг навбатдаги икки йиллик истиқболларига бағишланган махсус ҳисоботини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда қайд этилишича, мамлакатдаги ислоҳотлар кун тартиби ва инвестициявий фаоллик иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлиб хизмат қилмоқда. Немис экспертининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро молия институтлари (Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки) 2026 ва 2027 йилларда Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсишини 6-7 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Бу кўрсаткич қуйидаги омиллар билан асосланади. Хусусан, хизмат кўрсатиш соҳаси - 2026 йилда 14 фоизлик кескин ўсиш кутилмоқда; саноат - қайта ишлаш тармоғида ўсиш суръатлари 7-8 фоизни ташкил этиши башорат қилинмоқда; инвестициялар - асосий капиталга йўналтирилаётган маблағларнинг икки хонали рақамларда ўсиши иқтисодиётнинг барча тармоқларини жонлантирмоқда.

Уве Штробах ўз ҳисоботида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини алоҳида қайд этган. 2025 йил якунига кўра, иқтисодиётга киритилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2022 йил билан таққослаганда нисбатан 3 баравар кўпдир. 2026 йилда эса инвестициялар ҳажми янада ўсиши тахмин қилинган ва мамлакатга киритилаётган жами капиталнинг қарийб учдан икки қисми хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.

Германиялик эксперт Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) соҳасидаги муваффақиятларини асосий мавзу сифатида ёритган, яъни 2022 йилда ҚТЭМ улуши атиги 7 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилнинг 10 ойида бу кўрсаткич 23 фоизга етган, 2030 йилгача бу улушни 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, немис мутахассиси ҳозирда умумий қиймати 26 миллиард долларлик 50 га яқин “яшил” лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этади.

Ҳисоботда ГФР Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо шериги экани, Германия экспорти яна 1 миллиард долларлик кўрсаткичдан ошгани айтилади.

Мутахассиснинг хабарига кўра, немис экспортёрлари учун фармацевтика ва тиббиёт техникаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати учун технологик ускуналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва совутиш тизимлари, IT-аутсорсинг соҳалари энг истиқболли деб топилган.

Уве Штробахнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон ҳукумати монополияларни камайтириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш орқали иқтисодий муҳитни соғломлаштирмоқда. Давлат-хусусий шериклик модели асосида 2030 йилгача 30 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режаси инвесторлар учун узоқ муддатли барқарорлик белгисидир.

Германия эксперт доираларининг ушбу ижобий хулосалари Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ишончли шерик сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш