Logo

Ўзбекистонда Испания тажрибаси асосида замонавий иссиқхоналар барпо этилади

Февраль 19, 2026. 19:00 • 53 сония

123
Ўзбекистонда Испания тажрибаси асосида замонавий иссиқхоналар барпо этилади

МАДРИД, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Испаниянинг “New Greenhouses Projects S.L.” компанияси директори Хосе Мигель Ринкон билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувнинг асосий мавзуси дунёдаги энг самарали иссиқхона хўжаликлари маркази ҳисобланган Альмерия (Испания) провинцияси тажрибаси асосида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш бўлди.

Иссиқхоналарни энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хосе Ринкон анъанавий ёқилғи (газ ва кўмир) ўрнига водороддан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш технологияси иқтисодий ва экологик жиҳатдан энг мақбул ечим эканини таъкидлади.

Испаниялик тадбиркор Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар кооперацияси моделини қўллаш орқали харажатларни камайтириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Кадрлар тайёрлаш йўналишида Испаниянинг “Bicore” ўқув маркази билан ҳамкорликда ўзбекистонлик агроном ва техник мутахассислар учун малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Дастлабки босқичда 50 нафаргача мутахассисни ўқитиш кўзда тутилган.

Музокаралар якунида Хосе Ринкон яқин вақт ичида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюриб, фермерлар билан учрашиш ва қурилиш майдончаларини кўздан кечиришга тайёрлигини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш