Logo

Келажакда “Марказий Осиё – Озарбайжон” формати янги турдаги кооператив хавфсизлик намунаси бўлиши мумкин

Февраль 20, 2026. 11:08 • 6 дақ

67
Келажакда “Марказий Осиё – Озарбайжон” формати янги турдаги кооператив хавфсизлик намунаси бўлиши мумкин
Келажакда “Марказий Осиё – Озарбайжон” формати янги турдаги кооператив хавфсизлик намунаси бўлиши мумкин

БОКУ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Бокуда Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилган “C6: ягона минтақа, умумий келажак – стратегик мулоқотни кучайтириш” халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжондан таҳлилий марказлар, тадқиқот муассасалари, давлат тузилмалари раҳбарлари ва экспертлари, шунингдек, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон номидан давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) делегацияси иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари, жумладан, C6 форматини институционаллаштириш, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, барқарор ривожланиш ва глобал ўзгаришлар шароитида хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Хавфсизлик масалаларига бағишланган сессияда сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов замонавий халқаро тизим чуқур ўзгариш босқичини бошдан кечираётганини таъкидлади. У “Қарама-қаршилик мантиқининг кучайиши, куч марказлари ўртасидаги рақобатнинг ортиши ва тобора ўсиб бораётган ноаниқлик глобал манзаранинг узоқ муддатли тузилишини белгилайдиган янги воқеликни шакллантираётгани” ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, хавфсизликни анъанавий тушуниш энди фақат ҳарбий-сиёсий жиҳатлар билан чекланиб қолмаётгани, балки ижтимоий-иқтисодий барқарорлик, экологик ва иқлим омиллари, технологик ва ахборот таҳдидларини ҳам ўз ичига олаётгани қайд этилди.

Экспертнинг таъкидлашича, ўзгарувчан ташқи муҳит, унинг олдиндан айтиб бўлмаслиги ва глобал механизмлар самарадорлигининг пасайиши шароитида минтақавий ёндашувлар ва қўшма жавоб механизмлари барқарорликнинг асосий ресурсига айланмоқда.

“Марказий Осиё умумий хавфсизлик учун жамоавий масъулият билан характерланадиган ривожланишнинг янги босқичини намойиш этмоқда. Давлатларнинг географик, маданий ва тарихий яқинлиги миллий манфаатлар ва таҳдидларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мослашувчан моделларни шакллантириш имконини беради”, – деди Акрамжон Неъматов.

C6 форматининг асосини ташкил этувчи мослашувчан институционаллаштиришнинг тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди. Экспертнинг таъкидлашича, минтақа давлатлараро келишувни афзал кўрган ҳолда, онгли равишда давлатлардан устунликка эга органларни ташкил этиш ёки суверен ваколатларни топширишдан ўзини тиймоқда.

Унинг сўзларига кўра, бундай ёндашув ўзаро таъсирнинг стратегик автономияси, очиқлиги ва прагматикасини таъминлайди, қарорлар “нол қийматли ўйин” мантиғи асосида эмас, балки жамоавий ва ўзаро ишонч асосида қабул қилинадиган барқарор архитектурани яратади.

Халқаро ташкилотлар – ШҲТ, КХШТ, МДҲ, ТДТ билан уйғун ҳамкорлик минтақавий моделнинг муҳим қисмига айланди. СМТИ вакилининг фикрича, шакллантирилаётган тизим мавжуд механизмлардан узоқлашмайди, аксинча, Марказий Осиё ёндашувини бирлаштириш орқали уларни кучайтиришга қаратилган. Минтақа ўз манфаатлари ва минтақавий муаммоларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, мувофиқлаштиришнинг қўшимча воситаларини яратади.

Ушбу мослашувчанлик ўзгарувчан ташқи муҳитга мослашувчан хавфсизлик соҳасида кўп даражали мувофиқлаштириш тизимини шакллантириш имконини берди. 2018-йилда йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати асосий драйвер бўлиб, унинг негизида шаклланаётган минтақавий хавфсизлик ҳамжамияти механизмлари яратилди.

2024-2025 йилларда Олмаота ва Самарқанд шаҳарларида Хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Ўтган йили Ўзбекистонда илк бор махсус хизматлар раҳбарлари ва мудофаа вазирларининг беш томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.

Икки марта “Бирлик” қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилди, 2018 йилдан Фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг минтақавий форуми фаолият кўрсатмоқда. Моҳиятан, минтақа ташқи куч марказлари воситачилигисиз тарқоқ алоқалардан тизимли ички минтақавий мувофиқлаштиришга ўтди.

Акрамжон Неъматов Тошкентда бўлиб ўтган 7-Маслаҳат учрашувида қабул қилинган иккита асосий ҳужжат – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Марказий Осиёда хавфсизликка таҳдидлар ва уларнинг олдини олиш бўйича 2028 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар каталогига алоҳида эътибор қаратди.

“Минтақавий хавфсизлик концепциясининг аҳамиятини жуда катта”, – дея таъкидлади СМТИ директори биринчи ўринбосари. –“Марказий Осиё мамлакатлари илк бор таҳдидлар моҳияти ва уларни бартараф этиш механизмлари бўйича умумий тушунчани мустақил равишда шакллантиришди. Бу минтақавий субъектликни институтлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Минтақа энди ташқи стратегиялар объекти сифатида намоён бўлмоқда”.

Ҳужжатнинг асосий жиҳати хавфсизликнинг бўлинмаслиги, умумий ва ўзаро масъулият тамойилларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди. “Бундай ёндашув қарама-қаршилик мантиқини истисно қилади, давлатларни ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтиради”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, хавфсизликнинг кўп қиррали тушунчасини институционаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтисодий барқарорлик, транспорт алоқалари, сув ва энергетика баланси, технологик модернизация ва гуманитар алоқалар умумий хавфсизлик тизимининг ажралмас элементлари сифатида қаралади. “Таҳдидларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлашга, хавфлар кескинлашмасдан олдин уларни нейтраллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, деди Акрамжон Неъматов.

Таъкидланганидек, Концепция алоҳида эмас, балки 2024-йилда Остонада қабул қилинган Марказий Осиёнинг 2040-йилгача ривожланиш стратегиясини узвий равишда тўлдиради. “Ушбу ҳужжатлар бир-бирини мустаҳкамлайди: Концепция Стратегияни хавфсиз ва барқарор амалга ошириш учун институционал ва сиёсий шароитларни таъминлайди”, деди директор биринчи ўринбосари.

2028 йилгача Марказий Осиёда хавфсизликка таҳдидлар ва уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар каталоги Концепциянинг мантиқий давоми бўлди. “Тамойиллар ва йўналишларни белгилайдиган Концепциядан фарқли ўлароқ, Каталог амалий йўналишга эга”, деди эксперт.

У асосий таҳдидларни – терроризм ва радикаллашувдан тортиб, наркотаҳдидлар, кибержиноятчилик, иқлим ва техноген хавф-хатарларгача бўлган таҳдидларни тизимлаштиради ҳамда мувофиқлаштириш, ахборот алмашиш, қўшма дастурлар ва профилактика чора-тадбирларининг аниқ йўналишларини белгилайди.

Буларнинг барчаси, маърузачи таъкидлаганидек, давлатларнинг ўзларининг сиёсий иродасига асосланган ўзини ўзи таъминлайдиган минтақавий мувофиқлаштириш тизимининг шаклланганидан далолат беради.

“Илгари ўзаро таъсир асосан ташқи кўп томонлама тузилмалар орқали амалга оширилган ёки икки томонлама форматлар билан чекланган бўлса, бугунги кунда ҳамкорликдаги хавфсизликнинг ноёб, барқарор ва институционал модели шаклланмоқда”, деб таъкидлади СМТИ директорининг биринчи ўринбосари.

Экспертнинг таъкидлашича, Марказий Осиё аста-секин ишонч, муроса маданияти ва ўзаро масъулиятни тан олишга асосланган юмшоқ, блокларсиз хавфсизлик ҳамжамияти хусусиятларига эга бўлмоқда, бу эса коллектив барқарорликнинг ички механизмини шакллантиради ва минтақага мураккаб ташқи муҳитда мослашувчан ҳаракатланиш имконини беради. Шу билан бирга, минтақа халқаро ҳамкорлик учун очиқликни сақлаб қолмоқда ва ўзаро ҳамкорликнинг янги архитектуралари мавжуд механизмлар билан рақобатлашмайди, балки таҳдидларнинг ягона кўринишини шакллантириб, уларни кучайтиради ва глобал форматларда иштирок этиш самарадорлигини оширади.

“Юқори беқарорлик ва куч сиёсатига қайтиш шароитида Марказий Осиё ва Озарбайжон буюк давлатлар қарама-қаршилиги доирасидан ташқарига чиқадиган ҳамда кичик ва ўрта давлатлар манфаатларини акс эттирадиган ҳамкорлик моделини қуриш учун тарихий имкониятга эга бўлмоқда. Саъй-ҳаракатларни бирлаштириб ва умумий маконнинг рақобатбардошлигини ошириб, мамлакатларимиз бугунги кунда чуқур қайта конфигурация босқичидан ўтаётган глобал қўшилган қиймат занжирларига интеграциялашуви муҳим”, дейди эксперт.

Акрамжон Неъматов бунда макроминтақани рақобат эмас, ҳамкорлик макони сифатида сақлаб қолиш жуда муҳимлигини таъкидлади.

“Мулоқотни биргаликда бошлаш, манфаатларни мувофиқлаштириш учун платформалар яратиш ва қарорлар барча иштирокчиларнинг мувозанатини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинадиган ўзаро ҳамкорлик архитектурасини шакллантириш зарур. Барқарорликнинг ажралмас шарти ташқи муҳитнинг башорат қилиниши ва барқарорлигини таъминлайдиган кўп томонламалик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлик бўлиб қолмоқда”, дея қўшимча қилди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, истиқболда “Марказий Осиё – Озарбайжон” формати превентивлик, иқтисодий, технологик ва гуманитар ресурслар интеграцияси ва жамоавий масъулият тамойилига асосланган янги турдаги кооператив хавфсизлик намунаси бўлиши мумкин. “Бундай сифатда минтақа мамлакатлари стратегик автономияни изчил илгари суриш, минтақанинг мустақил актор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва ўрта давлатлар ўзаро ҳамкорлик қоидаларини шакллантиришга қодирлигини кўрсатиб, барқарор глобал архитектурани шакллантиришга ҳисса қўшиш орқали кенгроқ халқаро контекстда барқарорлаштирувчи омил бўлишга қодир”, дея хулоса қилди эксперт.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш