Logo

Антониу Гутерриш: Сунъий интеллект миллиардерларнинг ўйинчоғи бўлмаслиги керак

Февраль 20, 2026. 11:14 • 2 дақ

39
Антониу Гутерриш: Сунъий интеллект миллиардерларнинг ўйинчоғи бўлмаслиги керак

НЬЮ-ДЕҲЛИ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган сунъий интеллект саммитида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сўзга чиқиб, ривожланаётган мамлакатларнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун 3 миллиард долларлик глобал жамғарма ташкил этишга чақирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири БМТ портали маълумотига таяниб.

Сунъий интеллект таъсири бўйича саммит 2023 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Бундан аввал ушбу саммитга Франция, Корея Республикаси ва Буюк Британия мезбонлик қилган.

Ҳиндистонда ўтказилган йиғилишда сунъий интеллект бўйича кўплаб ташаббус ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, БМТ раҳбари бу ҳақида гапирар экан, маълумотлар инфратузилмаси, мавжуд ҳисоблаш қувватлари ва инклюзив рақамли экотизимларни ривожлантиришга сармоя киритилмаса, кўплаб давлатлар сунъий интеллект даврида “ташқарида” қолиш хавфи остида қолишини таъкидлади.

“Мақсадимиз – уч миллиард доллар. Бу битта технологик компаниянинг йиллик даромадининг бир фоизидан камроғи”, – дейди Гутерриш.

Бош котиб БМТ сунъий интеллектни бошқаришнинг глобал тизимини шакллантириш учун ҳаракатлар бошланганини таъкидлади. Жумладан, ўтган йили Бош Ассамблея томонидан сунъий интеллект бўйича мустақил халқаро илмий гуруҳ таъсис этилди. Унинг таркибига бутун дунёдан 40 нафар етакчи экспертлар киритилган. Уларнинг вазифаси сунъий интеллектнинг хавфлари, имкониятлари ва ижтимоий таъсирини мустақил баҳолашдан иборат.

“Сунъий интеллект миллиардерларнинг ўйинчоғи бўлмаслиги лозим. Сунъий интеллект ҳаммага тегишли бўлиши керак”, - дея қатъий таъкидлади БМТ раҳбари.

Антониу Гутерришнинг фикрича, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланилса, у Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшиши мумкин: тиббий кашфиётларни тезлаштириш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлимга қарши чораларни кучайтириш ва давлат хизматларини яхшилаш.

Шу билан бирга, у хавфлар ҳақида ҳам огоҳлантирди: тегишли тартибга солишсиз сунъий интеллект тенгсизликни кучайтириши, тарафкашликни мустаҳкамлаши ва зарар етказиши мумкин.

“Бизга инсоннинг иштирокини таъминлайдиган, унинг устидан назорат ва масъулиятни сақлайдиган ҳимоя механизмлари керак”, дея сўз юритган БМТ бош котиби.

Антониу Гутерриш болалар ва бошқа заиф гуруҳларни эксплуатация ва суиистеъмолчиликлардан ҳимоя қилиш зарурлигини алоҳида эслаб ўтган: “Ҳеч бир бола сунъий интеллектдан назоратсиз фойдаланиш билан боғлиқ синовлар объектига айланмаслиги керак”.

UNIC New Delhi порталидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш