Покистон ОАВ: 2017–2025 йилларда Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробарга ошди
Февраль 20, 2026. 11:52 • 3 дақ
• 70ИСЛОМОБОД, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “DNА News”, “Islamabad Post”, “Sub News”, “Сentreline”, “Pakistan Today”, “The gulf Observer”, “The World News”, “Media Оnline Today”, “Diplomats World”, “News Network Pakistan” ва бошқа етакчи ОАВда “Инфографика: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда маълум қилинганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан шу йилнинг 17–19 февраль кунлари Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрига борга борди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сўнгги 9 йилдаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик кўрсаткичлари бўйича инфографика тайёрланди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти икки томонлама Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлигини кенгайтириш, БМТ томонидан ташкил этилган тадбирларда иштирок этиш мақсадида АҚШга бир неча бор амалий ташрифлар билан борган. Давлат раҳбарининг АҚШга биринчи расмий ташрифи АҚШ Президентининг таклифига биноан 2018 йил 15–17 май кунлари бўлиб ўтган. Ташриф доирасида Оқ уй, Конгресс ва Пентагонда музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон–АҚШ муносабатларини ривожлантиришнинг янги босқичига асос солган муҳим келишувлар имзоланган.
Покистон ОАВ ёзганидек, сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги мулоқот икки томонлама учрашувлар ҳамда минтақавий ташаббуслар, жумладан “С5+1” формати доирасида изчил ривожланди.
“2025 йил 20–24 сентябрь кунлари Ўзбекистон етакчисининг Нью-Йорк шаҳрига амалий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида иштирок этди. Ташрифнинг марказий воқеаси давлат раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви бўлди. Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон–Америка стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олдилар”, – дейилган материалларда.
Икки томонлама давлатлараро муносабатларни савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларида янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан эътиборан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий этилди.
Қайд этилишича, мамлакатлар ўртасида савдода энг кўп қулайлик яратиш режими амал қилади.
“2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,7 баробарга ошиб, 215 миллион доллардан 1 миллиарда долларга етди. Экспорт ҳажми 9,1 баробарга ўсиб, 32,1 миллион доллардан 291,7 миллион долларга, импорт эса 3,9 баробарга ошиб, 182,9 миллион доллардан 712,3 миллион долларга етди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон ташқи савдосида АҚШ улуши ҳам ўсди: умумий товар айирбошлаш ҳажмида 0,8 фоиздан 1,2 фоизга, экспортда 0,3 фоиздан 0,9 фоизга, импортда эса 1,3 фоиздан 1,5 фоизга кўтарилди”, –дейилган манбаларда.
Инвестициявий ҳамкорлик 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги 346 та корхона фаолият юритмоқда. Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар умумий сонининг тахминан 2 фоизини ташкил этади. Шундан 146 таси қўшма корхоналар, 200 таси эса АҚШ капитали иштирокидаги хорижий корхоналар ҳисобланади.
“Сўнгги 9 йилда АҚШдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми қарийб 64 баробарга ошиб, 2017 йилдаги 8,6 миллион доллардан 2025 йилда 383,2 миллион долларга етди. 2017–2025 йилларда АҚШдан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 2,9 миллиард доллардан ошди”, – қайд этилади мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



