Куала-Лумпурда бўлиб ўтаётган туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинмоқда
Ноябрь 28, 2025. 07:58 • 2 дақ
• 209
КУАЛА-ЛУМПУР, 28 ноябрь. /«Дунё» АА/. 21–30 ноябрь кунлари Куала-Лумпурнинг энг йирик савдо-кўнгилочар мажмуаларидан бири – «Сунгаи Wанг Плаза» марказида бўлиб ўтаётган «Икҳлас Травел Фаир 2025» туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида республика зиёрат туризм дастурлари тақдимоти ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кўргазма Малайзиянинг энг йирик туркомпанияларидан бири «Икҳлас Травел» томонидан ташкил этилиб, унда иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Малайзияликлар учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётганлиги ҳамда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида «Аир Ациа» ва бошқа авиакомпаниялар томонидан ҳафтасига
7 маротаба тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида «Икҳлас Травел» туркомпанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини ўз ичига олган «Умра плюс» номли янги сайёҳлик дастури кенг оммага тақдим этилди.
Кўргазмада иштирок этган малайзияликлар орасида Ўзбекистоннинг Ислом дунёсига оид бир қатор зиёратгоҳлари ва сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва миллий анъаналари катта қизиқиш уйғотди.
«Икҳлас Травел» туркомпанияси Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик кам бюджетли (лоw-cост) авиакомпанияси – «Аир Ациа Х»нинг шўба корхонаси ҳисобланади. «Икҳлас Травел» Жанубий-Шарқий Осиё аҳолисига дунёнинг мусулмон мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай ва ҳамёнбоп турпакетларни тақдим этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
