Консуллик рўйхати — ҳақ-ҳуқуқларингиз кафолати
Январ 27, 2026. 20:39 • 3 дақ
• 79
Бугунги глобаллашган дунёда миллионлаб инсонлар таълим, меҳнат, бизнес ёки саёҳат сабабли ўз мамлакатидан ташқарида яшамоқда. Шу шароитда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни чет элда қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳам консуллик хизматларини фаоллаштириш, дипломатик ваколатхоналарни модернизация қилиш ва фуқароларга тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Бу эса консуллик рўйхати (консуллик ҳисобида туриш) масаласининг долзарблигини яна бир бор кўрсатди.
Савол: консуллик хизмати нима?
Консуллик хизмати — бу давлатнинг чет элда яшаётган ёки вақтинчалик бўлиб турган фуқароларига кўрсатиладиган расмий ёрдам тизимидир. У одатда элчихоналар ва консуллик муассасалари орқали амалга оширилади ва қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
- паспорт ва ҳужжатларни расмийлаштириш;
- фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ, ўлим) қайд этиш;
- нотариал хизматлар ва ҳужжатларни қонунийлаштириш;
- ҳуқуқий маслаҳатлар;
- фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш.
Оддий қилиб айтганда, консуллик хизмати — бу чет элдаги фуқаронинг ўз давлати билан боғловчи ишончли «кўприк»дир.
Консуллик рўйхати нима?
Консуллик рўйхати — бу чет элда бўлиб турган фуқароларнинг элчихона ёки консулликда расмий ҳисобга олинишидир. Рўйхатдан ўтиш орқали консуллик сиз ҳақингизда асосий маълумотларга эга бўлади ва зарурат туғилганда сиз билан тезкор алоқа ўрнатиши мумкин.
Консуллик рўйхати икки турга бўлинади:
- Доимий консуллик рўйхати — чет элда узоқ муддат ёки доимий яшовчи фуқаролар учун;
- Вақтинчалик консуллик рўйхати — ўқиш, ишлаш, даволаниш ёки оилавий сабаблар билан қисқа муддатга чет элга чиққан фуқаролар учун.
Буларни ҳаётий мисоллар орқали тушунтирсак
Масалан, тасаввур қилинг, сиз хорижда ишлаб юриб паспортингизни йўқотиб қўйдингиз. Агар сиз консуллик рўйхатида турган бўлсангиз, консуллик ходимлари сиз ҳақингиздаги маълумотлар асосида тезда вақтинчалик қайтиш ҳужжатини расмийлаштириб беради. Рўйхатда бўлмасангиз, бу жараён анча вақт ва қўшимча текширувларни талаб қилади.
Ёки, сиз табиий офат ёки фавқулодда ҳолатга тушдингиз.
Айрим мамлакатларда зилзила, сиёсий беқарорлик ёки хавфсизлик билан боғлиқ ҳолатлар юзага келиши мумкин. Консуллик рўйхатида турган фуқаролар билан элчихона тезда боғланиб, хавфсиз жойга чиқариш (эвакуация), тиббий ёрдам ёки зарур ахборотни етказиши мумкин.
Энг кўп учрайдиган масалалардан бир бу — чет элда туғилган болаларни фуқаролиги. Агар сиз чет элда яшаб, у ерда фарзандли бўлсангиз, боланинг туғилишини консуллик орқали рўйхатдан ўтказиш мумкин. Бу боланинг фуқаролигини расмийлаштириш ва келажакда ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларни олдини олади.
Ҳибсга олиш ёки ҳуқуқий муаммо. Фуқаро чет элда ҳуқуқий муаммога дуч келганда, консуллик унинг ҳуқуқлари бузилмаслигини назорат қилади, маҳаллий қонунчилик доирасида юридик маслаҳат беради ва зарур ҳолларда адвокатлар билан боғланишга ёрдамлашади.
Консуллик рўйхатига қандай рўйхатдан ўтилади?
- Сиз яшаётган давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консуллигига шахсан мурожаат қилиш орқали;
- Айрим давлатларда онлайн консуллик хизматлари орқали масофадан туриб;
- Рўйхатдан ўтишда паспорт маълумотлари, манзил ва алоқа маълумотлари тақдим этилади;
- Яшаш жойи ўзгарганда ёки Ватанга қайтилганда консулликка бу ҳақда хабар бериш тавсия этилади.
- давлат томонидан расмий тан олиниш ва доимий алоқа;
- фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам;
- ҳужжатларни тез ва осон расмийлаштириш;
- муҳим қонунчилик ва хавфсизликка оид ахборотларни олиш;
- маҳаллий органлар билан муносабатларда консуллик ёрдамига эга бўлиш.
Консуллик рўйхатида туриш фуқароларга қандай фойда беради?
Доим ёдингизда тутинг – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари – бу фуқаролари учун мамлакатнинг бир бўлаги ва у ерда доимий ҳимояда бўласиз. Консуллик рўйхати — бу шунчаки расмий процедура эмас. Бу — чет элда бўлиб турган ҳар бир фуқаро учун хавфсизлик, ҳуқуқий ҳимоя ва давлат қўллаб-қувватлашининг аниқ механизми. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, консуллик ҳисобида туриш сизга ишонч, хотиржамлик ва давлат эътиборини ҳис этиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
