Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президенти ташаббуслари Марказий Осиё–Япония муносабатларини янада ривожлантиради
Декабрь 22, 2025. 11:44 • 3 дақ
• 111
ИСЛОМОБОД, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Покистондаги Баҳрия университети факультет декани, профессор Адам Сауд “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президенти етакчисининг Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Япония пойтахтида бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитидаги нутқи билан батафсил танишиб чиқдим.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи аввалида бундан 20 йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор “Марказий Осиё плюс” мулоқотининг ташаббускори бўлганини қайд этди. Буюк ипак йўли давридан ривожлана бошлаган яқин савдо ва маданий алоқалар, ўхшаш анъана ва урф-одатлар, маънавий, маданий ва оилавий қадриятлар Марказий Осиё ва Япония ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланишини таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари Япониянинг минтақа ҳаётида янада кенг ва фаол иштирок этишидан манфаатдорлигини алоҳида урғулади. Япония жаҳонда катта мавқега эга давлат сифатида Марказий Осиё мамлакатлари билан барча йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Марказий Осиё + Япония” форматида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар ўз вақтида айтилди, деб ўйлайман.
Хусусан, Ўзбекистон етакчиси “Марказий Осиё + Япония” саммитини давлат раҳбарлари даражасида ҳар икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилди ва навбатдаги шундай учрашувлардан бирини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.
Айниқса, давлатингиз раҳбарининг Ўзбекистон “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш таклифи ҳам жуда муҳим. Бу ҳужжат минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Эксперт сифатида мени, янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини шакллантириш учун мамлакатларнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш ва унинг илк мажлисини 2026 йилда Тошкентда ўтказиш ташаббуси кўпроқ қувонтирди.
Шунингдек, маърузада Марказий Осиёнинг инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш, унинг негизида “Сифатли инфратузилма” бўйича дастур ҳамда Япония технопаркларининг Марказий Осиё тармоғи – саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери минтақавий платформасини ишга туширишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Бугун рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланиб бораётганидан келиб чиқиб, “Марказий Осиё – Япония” рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, “буюмлар интернети”, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик платформасини яратиш каби таклифларни ҳам асосий йўналишлар сифатида эътироф этиш керак.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитидаги иштироки ва унда илгари сурган таклифлари халқаро майдонда муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Ушбу ташаббусларнинг ижроси эса Марказий Осиё мамлакатлари ва кунчиқар юрт ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янада чуқурлаштиришга замин яратади. Энг муҳими, Ўзбекистон ва Япониянинг минтақадаги стратегик шериклар мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россиядан муносабат: Япония минтақа маркази Ўзбекистон билан шериклик қилишдан манфаатдор
Ўзбекистон: Евроосиё маконида прагматик ҳамкорлик ва амалий мулоқотлар ривожланмоқда