Ўзбекистон: Евроосиё маконида прагматик ҳамкорлик ва амалий мулоқотлар ривожланмоқда
Декабрь 21, 2025. 11:17 • 3 дақ
• 127
ТОШКЕНТ, 21 декабрь. / “Дунё” АА/. 21–22 декабрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида ва МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу тадбирлардаги иштироки Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кооперация алоқаларини кенгайтириш ва Евроосиё маконида ўзаро барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга қаратилган стратегик йўлнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги йилларда иқтисодий дипломатия Ўзбекистон ташқи сиёсий стратегиясининг асосий воситаларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан, Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши (EОИК) билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
EОИК 2001–2014 йилларда фаолият юритган ва ягона иқтисодий маконни яратиш учун институционал асос бўлиб хизмат қилган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти тажрибаси асосида шаклланди. Мазкур интеграция моделининг муҳим хусусияти шундаки, EОИКга аъзо давлатларнинг аксарияти бир вақтнинг ўзида МДҲ таркибига ҳам киради. Бу эса иқтисодий жараёнларнинг ўзаро боғлиқлигини ва минтақавий кооперациянинг давомийлигини таъминлайди.
Ўзбекистон 2019 йилда саноатни модернизация қилиш, экспортга йўналтирилган тармоқларни ривожлантириш ва минтақавий қўшилган қиймат занжирларига интеграциялашув вазифаларидан келиб чиқиб, EОИК билан кенгайтирилган ҳамкорликни ўрганишга киришди. 2020 йилда кузатувчи мақомининг олиниши ва кейинчалик идоралараро мувофиқлаштиришдан тортиб Евроосиё иқтисодий комиссияси билан доимий алоқаларгача бўлган институционал механизмларнинг йўлга қўйилиши мазкур мулоқотни амалий даражага олиб чиқиш имконини берди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг EОИК билан ҳамкорлиги аниқ йўналишларни қамраб олди. Республика логистикани соддалаштириш, транспорт коридорларини рақамлаштириш, электрон тижорат ва агрологистик маршрутларни ривожлантиришга қаратилган тармоқ ҳамда инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда.
Евроосиё маконидаги яна бир муҳим ҳамкорлик платформаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидир. МДҲ иқтисодий, гуманитар ва институционал ҳамкорликнинг кенг кўламли формати бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ушбу ташкилот доирасида изчил равишда прагматик ва сиёсийлашмаган кун тартибини илгари суриб келмоқда.
Санкт-Петербургдаги мазкур бўлажак саммит норасмий ва ишончли муҳитда фикр алмашиш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва биргаликдаги ишлар якунларини сарҳисоб қилиш учун қулай имконият яратади.
2017 йилдан буён Ўзбекистон МДҲ фаолиятидаги иштирокини сезиларли даражада фаоллаштириб, асосий эътиборни иқтисодий йўналишга қаратди.
Мамлакатимиз умумий бозорларни шакллантириш, саноат кооперацияси, транспорт боғлиқлиги ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи кўплаб тармоқ органларига қўшилди. Ўзбекистон томонининг ташаббуслари узоқ муддатли иқтисодий самарага йўналтирилган концептуал ҳужжатлар ва амалий қарорларда ўз аксини топди. Ўзбекистонда МДҲнинг йирик тадбирлари, жумладан, низом органлари мажлислари, иқтисодий ва эксперт форумларининг ўтказилиши мамлакатимизнинг интеграция кун тартибини ишлаб чиқувчи марказлардан бири сифатидаги роли ошаётганидан далолат беради.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Президентининг Санкт-Петербургдаги тадбирларда иштирок этиши улкан стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон минтақавий бирлашмаларда иштирок этишнинг прагматизм, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва аниқ натижага йўналтирилган моделини изчил шакллантирмоқда. Шу маънода, МДҲ макони ва унга боғлиқ интеграция механизмлари Тошкент томонидан барқарор ривожланиш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим платформа сифатида баҳоланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россиядан муносабат: Япония минтақа маркази Ўзбекистон билан шериклик қилишдан манфаатдор
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот