Logo

Хитойдан муносабат: Тошкент чуқурлашган минтақавий интеграция ва очиқ конструктив халқаро мулоқот йўлини давом эттирмоқда

Декабрь 22, 2025. 08:15 • 2 дақ

138
Хитойдан муносабат: Тошкент чуқурлашган минтақавий интеграция ва очиқ конструктив халқаро мулоқот йўлини давом эттирмоқда

ШАНХАЙ, 22 декабрь. / “Дунё” АА/. Шанхай халқаро тадқиқотлар университети профессори Ян Чэн “Дунё” АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳамда “Марказий Осиё + Япония” саммитидаги иштироки якунлари ҳақидаги фикрларини баён қилди:

— “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти минтақавий ривожланиш, иқтисодий барқарорлик, экология, энергетика ва хавфсизлик масалаларида мувофиқлашув ҳамда ҳамкорликнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Олий даражадаги биринчи саммит Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий жипслашуви ортиб бораётганини ва уларнинг Япония билан шерикликни чуқурлаштиришга бўлган интилишини тасдиқлади.

Ушбу саммит минтақанинг барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилиш учун янги ва самарали платформага айланди.

Токио анъанавий равишда JICA ва JBIC ташкилотлари орқали минтақадаги инфратузилма ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, транспорт коридорлари, логистика марказлари ва энергетика объектларини модернизация қилишда иштирок этиб келмоқда. Бундай лойиҳалар минтақавий боғлиқликни оширади ва Марказий Осиёнинг Шарқ билан Ғарб ўртасидаги логистика кўприги сифатидаги ролини мустаҳкамлайди.

Япония Ўзбекистонда ташкил этилаётган ишлаб чиқариш қувватларига юқори экологик ва технологик стандартларни жорий этишга кўмаклашиши мумкин. Бу маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади ва нафақат Япония, балки бошқа жаҳон бозорларига ҳам йўл очади.

Ўзбекистон мулоқот доирасида фаол ва конструктив позицияни эгаллаб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, чегаралар хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим ва экологик муаммоларга қарши курашни фаоллаштириш, савдо, инвестиция, транспорт ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни давом эттириш тарафдори бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги салмоқли ислоҳотлар нафақат мамлакатнинг ўз тараққиёти, барқарорлиги ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш билан боғлиқ, балки бутун минтақавий ҳамкорлик архитектураси ва ривожланиш йўналишларига тобора чуқур таъсир кўрсатмоқда. Кучайиб бораётган геосиёсий турбулентлик ва халқаро тартибнинг трансформацияси шароитида Ўзбекистоннинг стратегик танлови ва ташқи сиёсий йўналишлари нафақат миллий, балки минтақавий аҳамиятга эга.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи ва “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти саммитидаги иштироки ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очади.

Музокаралар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, таълим ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларга бўлган ёндашувларни мувофиқлаштириш имконини берди. Ўзбекистон раҳбарининг ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга қаратилган фаол позицияси Тошкентнинг чуқурлашган минтақавий интеграция ва очиқ конструктив халқаро мулоқот йўлига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш