Logo

Ўзбекистон ва Покистон банклари халқаро молиявий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди

Апрель 14, 2026. 19:55 • 2 дақ

137
Ўзбекистон ва Покистон банклари халқаро молиявий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва Покистоннинг “Sindh Bank” раҳбарияти ўртасида онлайн-музокара бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда банк тизимини модернизация қилиш, хизматларни рақамлаштириш ва хусусий сектор улушини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай замин яратаётгани таъкидланди.

Покистон томонига мамлакатнинг етакчи банкларидан бири бўлган, жами активлар ва кредит портфелида қарийб 11 фоиз улушга эга “Ўзсаноатқурилишбанк” фаолияти ҳақида маълумот берилди. Банкнинг халқаро капитал бозорларидаги иш тажрибаси, унинг кредит рейтинглари ва еврооблигацияларни муваффақиятли жойлаштирганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида, “Sindh Bank” вакиллари ҳамкасбларини ўз тузилмаси ва фаолиятининг асосий йўналишлари, жумладан, савдони молиялаштириш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва корпоратив банкинг билан таништириб, давлат филиалларининг кенг тармоғи мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Муҳокамаларнинг асосий мавзуси ўзаро ҳисоб-китобларни соддалаштиришга қаратилган Покистон рупиясида вакиллик ҳисобварақларини очиш масаласи бўлди.

Томонлар, шунингдек, келгусида молиявий операцияларни Ўзбекистон сўми ва бошқа хорижий валюталарда кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.

Учрашув якунида иштирокчилар банклараро алоқаларни янада ривожлантириш учун дипломатик каналлар орқали мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш