ХҚХҚнинг Марказий Осиё минтақавий делегацияси сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг ҳамташкилотчиси бўлишга таклиф этилди
Апрель 14, 2026. 16:05 • 3 дақ
• 278
ТОШКЕНТ, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари Биляна Милошевич билан учрашди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида томонлар халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Миллий ахборот бюросини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Женева конвенцияларига мувофиқ, давлатлар тинчлик давридаёқ қуролли можаролар шароитида ҳарбий асирлар, тинч аҳоли ва бедарак йўқолган шахслар тўғрисидаги маълумотлар алмашинувини таъминлайдиган Миллий ахборот бюросини ташкил этишлари ёки унинг механизмларини жорий этишлари шарт.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов мазкур бюрони ташкил этиш бўйича келишув механизмларини ишлаб чиқишда Миллий марказ давлат органлари ва Қизил Ярим Ой жамияти ўртасида боғловчи бўғин сифатида фаолият юритишга тайёр эканини таъкидлади.
Кун тартибидаги муҳим масалалардан яна бири қонунчилик ташаббусларини муҳокама қилиш бўлди. Учрашув иштирокчилари ташкилот фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солувчи “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти тўғрисида”ги махсус қонунни ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда самарали натижа берган кенг кўламли маслаҳатлашувлар форматидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фойдаланиш таклифи илгари сурилди.
ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари олти ҳаммуассис давлат (Қозоғистон, ЖАР, Бразилия, Хитой, Иордания ва Франция) билан ҳамкорликда давлатларнинг халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя этиш бўйича сиёсий иродасини мустаҳкамлашга қаратилган “Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича глобал ташаббус” ҳақида маълумот берди.
Айни пайтда мазкур ташаббус доирасида тиббиёт ва гуманитар соҳа ходимларини ҳимоя қилиш, денгиз уруши, киберхавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ, автоном қурол-яроғлар ҳамда миллий комиссияларнинг илғор тажрибалари каби бир қатор йўналишлар бўйича маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда. Навбатдаги конференция 2026 йил декабрь ойида Иорданияда ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ХҚХҚнинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси 2026 йил сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган ва инсон ҳуқуқлари бўйича икки асосий Пакт – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига бағишланадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд юбилей форумининг ҳамташкилотчиси сифатида иштирок этишга таклиф этилди.
Томонлар ёшлар таълими ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Жумладан, Женева конвенциялари ва факультатив протоколларни ўзбек тилида, лотин ёзувида қайта нашр этиш орқали академик муҳитни замонавий ва сифатли адабиётлар билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Шу муносабат билан, халқаро гуманитар ҳуқуқ мавзусида миллий эссе танловини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Ушбу танлов ёшларнинг гуманитар фанларга қизиқишини ошириш билан бирга, ғолибларга минтақавий таълим платформаларида иштирок этиш имкониятини ҳам яратади.
Учрашув якунида томонлар яқин ҳамкорликни давом эттириш мамлакатда гуманитар қадриятлар ва ҳуқуқий стандартларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. Ишчан ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув икки томонлама шерикликнинг юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси