Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги музейда Амир Темур мақбарасига тегишли ғайриоддий тарихий артефакт сақланмоқда
Февраль 25, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 114
ЕКАТЕРИНБУРГ, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Бош консулхона ташаббуси билан Екатеринбург шаҳрида жойлашган Свердловск вилояти ўлкашунослик музейида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан ва маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига мувофиқ ташкил этилди.
Учрашув давомида мазкур музейда буюк тарихимиз билан боғлиқ илмий асарлар, тарихий атиқалар, моддий ашёлар ва бошқа аҳамиятга молик экспонатлар кўздан кечирилди.
Музей маъмурияти маълумотига кўра, ҳозирги кунда бу масканда ғайриоддий тарихий артефакт – Амир Темур мақбарасидан олинган мармар плитанинг қолдиғи сақланиб келинмоқда экан. Консулхона дипломатлари мазкур тарихий артефактни кўздан кечириб, бу ноёб экспонатнинг қандай қилиб бу ерга келиб қолгани билан қизиқди.
Аниқланишича, бу мармар плита парчаси Россия империясининг Туркистон ўлкасига юриши вақтида (1868-1878 йиллар) генерал-лейтенант Александр Баранов томонидан Уралга олиб келинган. Чор Россиянинг Туркистон ўлкасига ҳужими давомида Самарқанд шаҳридаги Темурийлар мақбараси вайрон қилинган ва ноёб мармар плита парчаси олиб кетилган. Кейинчалик, Александр Баранов олиб келинган мақбара плита парчасини Урал-Сибир кўргазмасига (1887 йил) тақдим этган ҳамда Свердловск вилояти ўлкашунослик музейига ҳадя қилган.
Ҳозирги кунда мазкур Амир Темур мақбарасининг мармар плита парчаси Свердловск вилояти ўлкашунослик музейида сақланиб келинмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
