Тошкент ва Прага тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда
Февраль 22, 2026. 14:24 • 2 дақ
• 180
ПРАГА, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг дипломатлари Вацлав Гавел номидаги Прага халқаро аэропортининг йўналишларни ривожлантириш бўйича менежери Мартин Татек билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида сайёҳлар ва ишбилармонлар оқимини кенгайтириш, авиация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Чехия фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, Ўзбекистон фуқаролари учун туристик визалар бериш амалиёти ижобий динамикани кўрсатаётгани таъкидланди.
Мартин Татек Ўзбекистоннинг маданий-тарихий туризми чехиялик сайёҳлар учун юқори салоҳиятга эга эканлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, юртимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва меҳмонлар учун яратилган қулай шароитлар мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳларда катта таассурот қолдирган. Шунингдек, у Ўзбекистон Чехия ишбилармон доиралари учун истиқболли йўналиш сифатида кўрилаётганини билдирди.
Учрашув иштирокчилари тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилгани туризм соҳасидаги ҳамкорлик ва ишбилармонлик алоқаларини самарали ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар. Маълум қилинишича, ҳозирда йўловчиларнинг аксарияти Истанбул орқали транзит рейслардан фойдаланмоқда, бу эса йўналишнинг рақобатбардошлигини пасайтирмоқда. Прага - Тошкент тўғридан-тўғри рейслари туроператорлар ва индивидуал сайёҳларга саёҳатларни олдиндан режалаштириш, туристик пакетларни шакллантириш ва самарали маркетингни амалга ошириш имконини беради.
Чехия томони “Uzbekistan Airways”ни салоҳиятли асосий ҳамкор сифатида қайд этди. Парвозларни йўлга қўйишни муҳокама қилиш учун март ойи бошида Прага аэропорти, миллий авиакомпания ва манфаатдор хусусий ташувчилар иштирокида қўшимча онлайн учрашув ўтказилиши режалаштирилмоқда. Тадбирда мунтазам авиақатновларни ташкил этишни рағбатлантириш чоралари ва шартлари кўриб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
