Logo

АҚШнинг “Gulf” компанияси Ўзбекистонда 100 та замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаси қуради

Февраль 25, 2026. 18:56 • 2 дақ

48
АҚШнинг “Gulf” компанияси Ўзбекистонда 100 та замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаси қуради

КИЕВ, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Американинг машҳур “Gulf” компанияси Ўзбекистонда замонавий ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ташкил этиш ва авиация соҳасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Украинанинг “Fixygen” нашрига кўра, бу ҳақда компания вице-президенти Крейг Крамер Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ ишбилармон доиралари ва молиявий институтлари вакиллари билан учрашувида маълум қилган.

Таъкидланишича, компания яқин икки йил ичида Ўзбекистон бўйлаб ғарб стандартларига тўла жавоб берадиган камида 100 та замонавий ёқилғи қуйиш шохобчасини ишга туширишни мақсад қилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида чакана активларни ривожлантириш учун камида 150 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. Ушбу объектлар нафақат юқори сифатли ёқилғи билан таъминлайди, балки автомагистраллар бўйлаб сайёҳлар ва транзит ташувчилар учун махсус транспорт марказларини ҳам ўз ичига олади.

Инвестиция лойиҳаси ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, ҳар бир объектда камида 30 тадан, жами эса Ўзбекистон фуқаролари учун 3000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

“Gulf” компаниясининг навбатдаги стратегик йўналиши авиация соҳаси бўлиб, “Gulf Aviation” орқали тармоққа 50 миллион доллар сармоя йўналтирилади. Бу маблағлар Ўзбекистоннинг жадал ўсиб бораётган авиация бозорини хавфсиз ва барқарор ёқилғи билан таъминлаш ҳамда маҳаллий ва халқаро авиакомпаниялар учун ишончли таъминот тизимини яратишга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида “Gulf” компаниясининг Марказий Осиёдаги операцион базаси Тошкент шаҳрида жойлаштирилади. Бу қадам Ўзбекистоннинг минтақавий логистика ва чакана инфратузилма марказига айланиши йўлидаги муҳим босқич бўлади. Маълум қилинишича, шохобчалар учун ёқилғи маҳсулотлари Республика товар-хомашё биржаси орқали ҳамда импорт асосида етказиб берилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш