Сара-София Сирен: Гендер зўравонлигига қарши курашиш учун жамиятнинг барча қатлами биргаликда ҳаракат қилиши зарур
Декабрь 04, 2025. 09:12 • 4 дақ
• 184
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) амалдаги раисининг махсус вакили Сара-София Сирень амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар бермоқда “Dunyo” АА мухбири.
У агентлик мухбирига берган эксклюзив интервьюсида Финляндиянинг ЕХҲТдаги раислигининг асосий натижалари, ташкилотнинг устувор йўналишлари, гендер тенглигини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, махсус вакил Ўзбекистондаги ислоҳотлар динамикасига ўз баҳосини бериб, мамлакат гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилиш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича институционал механизмларни мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришганини таъкидлади.
– Финляндиянинг ЕХҲТдаги раислиги якунига етмоқда. Ҳозирга қадар эришилган асосий натижаларни қандай баҳолайсиз? Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёлларнинг сиёсат ва жамоат ҳаётидаги иштироки ошгани, шунингдек, мамлакат гендер тенглиги бўйича муҳим ислоҳотларни амалга ошираётганини қайд етиш жоиз. Сизнингча, энг муҳим ютуқлар нималардан иборат?
– Тенглик ва аёллар ҳуқуқлари Финляндиянинг раислик дастурининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Финляндия раис сифатида тенглик масалаларига алоҳида мавзу сифатида эмас, балки жамиятнинг барча соҳалари билан боғлиқ умумий қадрият сифатида ёндашди. Биз бир қатор муваффақиятли тадбирларни ўтказдик. Масалан, жорий йилда Венада ўтказилган “Aёллар, тинчлик ва хавфсизлик”га бағишланган конференцияни эслаб ўтмоқчиман. Ушбу конференция давомида биз аёллар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича йўл харитасини эълон қилдик. Унда ушбу кун тартибини амалга оширишнинг турли усуллари таклиф этилган. 30 дан ортиқ иштирокчи давлат ушбу йўл харитасидан фойдаланган ёки уни амалга оширишни бошлаган. Мен мамнуният билан айта оламанки, Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторида. Бу ерга ташрифим чоғида муҳокама қилган асосий мавзулар – гендерга асосланган зўравонлик ва аёлларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки. Ўзбекистонда ушбу икки йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида эшитиб, жуда мамнун бўлдим.
– Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтлари ва аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда муҳим рол ўйнамоқда. Узоқ муддатли, барқарор натижаларга эришиш учун ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни қандай кучайтириш мумкин, деб ўйлайсиз?
– Жуда ўринли савол. Мен фуқаролик жамияти ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни қўллаб-қувватлайман. Фуқаролик жамияти кўпинча маҳаллий даражада фаолият юритади ва гендерга асосланган зўравонликдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатадиган фуқаролик жамияти вакилларига мурожаат қилиш кўпинча осонроқ бўлади. Кўплаб давлатларда гендерга асосланган зўравонлик қурбонларига ҳаёт-мамот аҳамиятига эга бўлган хизматларни айнан ННТлар – нодавлат нотижорат ташкилотлари кўрсатади. Ҳукумат ва ННТлар ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши – бу зўравонликнинг олдини олиш, аёллар ҳуқуқлари ҳақида маълумот бериш, аёл ҳар қандай зўравонликка дуч келса, қаерга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида ахборот тарқатишдир. Гендерга асосланган зўравонликка қарши курашиш бу жамиятнинг барча бўғинлари биргаликда ҳаракат қилиши лозим бўлган умумий мақсаддир.
– Ҳозирда “Гендер зўравонликка қарши 16 кун” халқаро кампанияси ўтказилмоқда ва ЕХҲТ ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Aйниқса, Ўзбекистонда давом этаётган ислоҳотлар ҳамда барчанинг тенглиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ёшларига нима деган бўлардингиз?
– Биринчи фикрим шуки, зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши – нотўғри. Ҳар ким ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак. Ҳар ким, онлайн бўладими ёки офлайн, барибир, хавфсиз бўлиши зарур. Бу йилги кампаниянинг асосий мавзуси – рақамли зўравонлик. Бу жуда тез суръатларда кенгайиб бораётган ҳодиса. Мен ушбу жараёндан жиддий ташвишдаман. Aйниқса, ёш аёллар интернетда зўравонлик ва тазйиқнинг энг кўп қурбонига айланмоқда. Буни олдини олиш учун янги чоралар, жабрланганларга кўмак кўрсатишнинг янги усуллари зарур. Яна бир муҳим ундов шуки: гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш учун ҳар бир киши бу нотўғрилигини, ҳатто қонунга хилофлигини билиши керак.
– Келгуси мақсадларга тўхталсак. Ўзбекистоннинг гендер тенглигига эришиш йўлидаги кейинги босқичларини қандай тасаввур қиласиз? Шунингдек, яқин йилларда ЕХҲТ доирасида Ўзбекистоннинг ролини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида, фуқаролик жамиятлари билан ҳам анча яхши ҳамкорлик мавжуд. Aлбатта, бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун имкониятлар етарли. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги офиси келгуси йилда, масалан, салоҳиятни ошириш борасида кўпроқ ишлайди – бу эса янги имкониятларни яратади. Шунингдек, иқлим ва атроф-муҳит масалалари, сув ресурсларини бошқариш соҳаларида ҳам ҳамкорлик имкониятлари мавжуд. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ролига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Масалан, аёллар ҳуқуқлари ёки ёшлар салоҳиятини ошириш каби йўналишларда чегаралардан ташқари ҳамкорлик қилиш, бошқа Марказий Осиё давлатлари билан қўшма ташаббуслар илгари суриш учун жуда катта салоҳият бор, деб ўйлайман. Мамлакат жуда тез ривожланмоқда. Aйниқса, аёллар ҳуқуқлари ва тенглик бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларга бўлган қатъий ёндашув сезилмоқда. Мамлакат иқтисодиёти ҳам ўсиб бормоқда – бу ҳам ўз навбатида янги имкониятлар яратади. Aҳоли сонининг ошиб бораётгани, ёш авлоднинг ролини янада орттиради ва бу эса жуда муҳим.
– Билдирган фикрларингиз учун катта раҳмат!
– Сизга ҳам ташаккур.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда