Logo

Ўзбекистон ва Испания инвестиция ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Май 05, 2026. 15:25 • 2 дақ

274
Ўзбекистон ва Испания инвестиция ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

МАДРИД, 5 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонасида Мадрид автоном ҳамжамиятининг давлат ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик бўйича бош бошқармаси директори Гильермо Киркпатрик де ла Вега билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат жараёнида Ўзбекистон­–Испания муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, икки томонлама ва минтақавий даражада амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбатдошга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, хорижий шериклар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар давомида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Испания томони амалий ҳамкорлик учун устувор шерик сифатида Тошкент вилоятининг юқори салоҳиятини таъкидлаб, аниқ инвестиция ва амалий лойиҳаларга йўналтирилган ҳолда, айнан ҳудудий даражада ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларига катта эътибор қаратилди. Энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари, саноат ускуналарини етказиб бериш, автомобилсозлик, фармацевтика саноати, шунингдек, тиббий ва технологик йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.

Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади. Барча белгиланган йўналишлар бўйича ишчи маслаҳатлашувларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш