Logo

Исломободда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида саноат, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Май 06, 2026. 14:55 • 2 дақ

76
Исломободда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида саноат, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 6 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Исломобод шаҳрида Покистон Бош вазирининг саноат ва ишлаб чиқариш бўйича махсус ёрдамчиси, саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хан билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий, саноат ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, жорий йил 5–6 февраль кунлари Ўзбекистон Президентининг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича эришилган келишувларнинг амалий ижроси кўриб чиқилди.

Вазир Харун Ахтар Хан Исломобод шаҳрида олий даражада ўтказилган музокараларда шахсан иштирок этганини таъкидлаб, Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўра билиш қобилияти, мураккаб масалаларга самарали ечим топиш маҳорати ва амалий натижаларга йўналтирилган ёндашувларини юксак баҳолади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони Покистондан тирик чорва молларини импорт қилиш ташаббусини илгари сурди ва мазкур йўналишда амалий қадамларни белгилаш юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, фармацевтика, тери ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш саноати ҳамда бошқа истиқболли тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, гўшт экспортини кўпайтириш, шунингдек, минтақавий савдо ва иқтисодий интеграция жараёнларини жадаллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар.

Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси яқин келажакда юқори даражали делегация билан Ўзбекистонга ташриф буюриш режалаштирилаётганини маълум қилди. Мазкур ташриф доирасида инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси имкониятларини янада чуқур ўрганиш кўзда тутилган.

Учрашув якунида икки мамлакат халқлари фаровонлиги, барқарор иқтисодий ўсиш ва узоқ муддатли тараққиётни таъминлаш йўлида ўзаро шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш