Logo

“The Independent”: Ўзбекистон ҳали етарлича кашф этилмаган, бироқ айни пайтда хавфсиз ва саёҳат учун қулай йўналиш саналади

Май 04, 2026. 09:19 • 2 дақ

517
“The Independent”: Ўзбекистон ҳали етарлича кашф этилмаган, бироқ айни пайтда хавфсиз ва саёҳат учун қулай йўналиш саналади

ЛОНДОН, 4 май. /“Дунё” АА/. Британиянинг “The Independent” интернет нашрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон бой тарихий ва маданий мерос, замонавий инфратузилма ва қулай саёҳат шароитларини ўзида мужассам этгани мамлакатни хорижий сайёҳлар учун тобора жозибадор қилмоқда.

Мақолада асрлар давомида европаликларни ўзига жалб этган, Амир Темур, Чингизхон, Александр Македонский каби буюк номлар билан боғлиқ бўлган Самарқанд шаҳрига алоҳида эътибор қаратилган. Сўнгги йилларда ушбу бетакрор шаҳарга, қолаверса, бутун мамлакатга нисбатан қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳали етарлича кашф этилмаган, бироқ айни пайтда хавфсиз ва саёҳат учун қулай йўналиш саналади. Мамлакатнинг хорижлик сайёҳлар учун жозибадорлиги унинг иқтисодий барқарорлиги, қулай валюта курси ва нисбатан арзон нархлари билан изоҳланади.

Мақолада анъанавий ҳунармандчилик, мода саноати, Бухоро гиламлари, ипак маҳсулотлари, сўзана каштачилиги ҳамда дизайнер Мадина Қосимбоеванинг ижодий ишлари ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Шунингдек, ўзбек матолари ва икат услубининг халқаро мода брендларига таъсирига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Самарқанд, Бухоро ва Хива асосий сайёҳлик марказлари қаторида қайд этилган. Пойтахт Тошкент эса янги меъморчилиги, маданий ташаббуслари ва ортиб бораётган ишбилармонлик фаоллиги билан замонавий ҳамда жадал ривожланаётган шаҳар сифатида таърифланган.

“Ўзбекистон бой тарихий ва маданий мерос ҳамда замонавий тараққиётнинг бетакрор уйғунлигини таклиф этган ҳолда, истиқболли сайёҳлик йўналишларидан бири сифатидаги ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда”, – дея хулоса қилади “The Independent”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш