Берлинда “Марказий Осиё гавҳари – Ўзбекистон” тақдимоти ўтказилди
Май 03, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 218БЕРЛИН, 3 май. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида “Марказий Осиё гавҳари – Ўзбекистон” мавзусида туристик тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Марказий Осиё бўйича эксперт Кристиан Гроссе Ўзбекистонга қилган сафари давомида олган таассуротлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, тарихий шаҳарлари, миллий анъаналари ва бугунги ўзгаришлари ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов мамлакатимизнинг бой маданий мероси, Ипак йўли тарихида муҳим ўрин тутган шаҳарларнинг сайёҳлик ва маданий салоҳияти ҳақида тўхталди. У Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқ ташқи сиёсат, иқтисодий модернизация ва хорижий инвестициялар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Икки мамлакат ўртасида миграция, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани ва янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий ва илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда уни дунёга тарғиб этишга хизмат қиладиган йирик маданий-маърифий мажмуа сифатида эътироф этилди.
Тадбирнинг маданий қисмида мусиқа ва рақс дастури намойиш этилди. Ўзбек миллий рақслари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Ўзбек халқ амалий санъатининг қадимий анъаналари — каштачилик, зардўзлик, кулолчилик, миллий матолар, ипакчилик, миниатюра санъати ва қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда миниатюра санъати ва анъанавий қоғоз тайёрлаш маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, миниатюра санъати 2020 йилда Ўзбекистон, Озарбайжон, Эрон ва Туркия номидан ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Мазкур тақдимот Германия жамоатчилигига Ўзбекистонни янада яқиндан танитиш, мамлакатнинг маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига қизиқишни ошириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

