Logo

Хитойда Ўзбекистон туризмига қизиқиш ортиб бормоқда

Май 03, 2026. 13:00 • 2 дақ

99
Хитойда Ўзбекистон туризмига қизиқиш ортиб бормоқда

ШАНХАЙ, 5 май /“Дунё” АА/. Шанхайнинг ривожланаётган технологик ва ишбилармонлик кластерларидан бири – “Линган” махсус ҳудудида Ўзбекистоннинг туризм ва сармоявий имкониятларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Хитой Маданият ва туризм вазирлиги, “Линган” махсус ҳудуди раҳбарлари ҳамда туризм соҳасида фаолият юритувчи етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

Конференциянинг панель сессиясида Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти, ноёб маданий-тарихий мероси, табиий ҳудудлари, шунингдек экотуризм, гастрономик ва зиёрат йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, замонавий сайёҳлик кластерлари, меҳмонхона лойиҳаларига сармоя киритиш имкониятлари, жойлаштириш объектларини қуриш ва модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар ҳамда инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг халқаро туризм соҳасидаги ютуқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Самарқанд ва Бухоро экзотик саёҳатлар учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритилгани, Хива Ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилингани, Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳамда 2025 йилда Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг 25-Бош ассамблеяси ўтказилгани таъкидланди.

Конференцияда иштирок этган Хитой компаниялари вакиллари Марказий Осиёга, айниқса Ўзбекистонга келаётган хитойлик сайёҳлар сони изчил ошиб бораётганини қайд этди.

Тадбир доирасида “Бир макон, бир йўл” ташаббуси асосида маданий ва туризм ускуналари бўйича трансчегаравий савдо хизматлари платформаси ҳамда талаб ва таклиф маълумотлар базасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус Хитой ва бошқа давлатлар ўртасида савдо ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Конференциянинг иккинчи қисмида Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказилди. Унда туризм ва меҳмонхона бизнеси, “яшил” энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, тўқимачилик саноати, агросаноат, логистика ва фармацевтика каби йўналишлар бўйича имкониятлар таништирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган қатор Хитой компаниялари билан учрашувлар ташкил этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш