Муаммоли вазиятга тушиб қолган ҳамюртлар ватанга қайтарилди
Январ 22, 2026. 09:17 • 2 дақ
• 320
ИСТАНБУЛ, 23 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси, элчихона, Миграция ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентликлари ҳамкорлигида онаси вафотидан сўнг ота-она қармоғисиз қолиб кетган ва Туркиядаги болалар уйига жойлаштирилган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум бўлишича, Туркиядаги ватандошимиз маҳаллий шифохоналардан бирида фарзандини дунёга келтирган. Бироқ она кўп ўтмай касаллик туфайли вафот этган. Шундан сўнг, чақалоқ бир неча йил давомида суриялик ва ўзбекистонлик аёллар томонидан парвариш қилинган.
Бир муддат вақт ўтгандан кейин ота-она қармоғисиз қолган бола холасига топширилган. Аммо боланинг туғилганлик бўйича ҳеч қандай ҳужжати бўлмагани сабабли вояга етмаган фуқаро сифатида давлат томонидан мажбурий равишда Истанбул шаҳрида жойлашган болалар уйига жойлаштирилган.
Опасининг ўғлини васий сифатида ўз қармоғига олиш талаби вояга етмаган фуқарога оид ҳужжатларнинг йўқлиги сабабли болалар уйи маъмурияти томонидан рад этилган.
Бош консулхона ва Элчихона томонидан тегишли давлат идоралари билан олиб борилган қатор музокаралар давомида, адвокатлар жалб қилинган ҳолда Туркия суди томонидан боланинг холаси қармоғига ўтказиш бўйича қарор чиқарилишига эришилди.
Муаммоли вазиятлар ҳал этилгандан сўнг юртдошларимиз учун “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” Бош консулхона томонидан расмийлаштириб берилди ва улар Ўзбекистонга қайтарилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари ота-она қармоғисиз қолган ва холаси қўлига ўтган болага яшаши, таълим-тарбияси ҳамда унинг манфаатлари қонунчилик доирасида, ўрнатилган тартибда таъминланишини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
