Logo

Тошкентда илк бор “Халқаро йил талабаси” мукофоти топширилди

Январ 11, 2026. 14:00 • 2 дақ

235
Тошкентда илк бор “Халқаро йил талабаси” мукофоти топширилди

ТОШКЕНТ, 11 январь. /“Дунё” АА/. Кеча пойтахтимизда илк бор дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг академик, ижтимоий ва профессионал ютуқларини эътироф этишга бағишланган “Йилнинг халқаро талабаси” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтказилиб, унда 500 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон Халқаро Талабалар Иттифоқи (UzSU) томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Ушбу тадбир фаол, ижтимоий масъулиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда миллий аҳамиятга эга лойиҳаларга жалб этишда муҳим платформа бўлди.

Маросим доирасида UzSUнинг Ўзбекистондаги фаолияти расман йўлга қўйилди. Бу эса ташкилотнинг миллий даражадаги тизимли фаолияти бошланганини ва халқаро тармоғи кенгайиб бораётганини англатади.

Тадбир дастуридан “Чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларининг мамлакат ривожидаги ўрни” мавзусидаги панель муҳокамаси ҳам ўрин олди. Унда халқаро талабаларнинг мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва интеллектуал ривожига қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинди. Панель муҳокамасида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда тадбиркор Зафар Ҳошимов иштирок этди. Муҳокамага UzSU раиси Жасурбек Жабборов модераторлик қилди.

“Халқаро йил талабаси” мукофоти “Йил талабаси”, “Жамият ва диаспора ривожига қўшган ҳисса”, “Ўзбекистонни халқаро майдонда муносиб намоён этиш” ва “Йил инновацияси” номинация бўйича топширилди.

2026 йилги мукофот ғолиблари:

1. “Йил талабаси” — АҚШдаги “Columbia University Barnard College” талабаси Нозира Давроний;

2. “Жамият ва диаспора ривожига қўшган ҳисса” — Гонконгдаги “Hong Kong University of Science and Technology” талабаси Асадбек Исмоилов;

3. “Ўзбекистонни халқаро майдонда муносиб намоён этиш” — Буюк Британиядаги “Oxford University” талабаси Аакиб Ниёз;

4. “Йил инновацияси” — Италиядаги “Università degli Studi di Siena” талабаси Аслиддин Акбаров.

Мазкур мукофот халқаро майдонда таҳсил олаётган ёшларимизнинг салоҳиятини эътироф этиш, уларни Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга руҳлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш