Ўзбекистон муфтийси Мисрдаги халқаро анжуманда қатнашди ва ватандошлар билан учрашди
Январ 23, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 155ҚОҲИРА, 23 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги делегация Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ташаббуси билан Қоҳира шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Исломдаги касблар, уларнинг этикаси, таъсири ва сунъий интеллект даврдаги келажаги” мавзусида ташкил этилган мазкур тадбирда ислом дини бағрикенг ва тинчлик дини экани, глобал таҳдидлар, ақидапарастлик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, дунёда барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларида турли мулоқотлар бўлиб ўтди.
Миср сафари давомида турли учрашувлар ташкил этилди. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорлик муносабатларининг бугуни ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари, хусусан, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, тажриба алмашиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан фикр алмашилди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Делегация аъзолари ташриф доирасида Мисрда таълим олаётган ўзбек талабалари билан ҳам учрашув ўтказди. Ёшлар билан суҳбатда Ўзбекистон муфтийси давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан юртимизда диний таълим, фатво фаолияти ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг тушунтириш берди.
Сўнгги йилларда диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Мисрда таҳсил олаётган ёшлар келгусида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳанинг таянчи, жамиятда маърифат, бағрикенглик ва соғлом эътиқодни қарор топтирувчи етакчи мутахассислар сифатида фаолият юритиши таъкидланди.
Учрашувда талабаларга она Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, бўлиб турган давлатдаги қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, хорижда орттирилган билим ва тажрибани мамлакат тараққиёти, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда ёш авлод тарбияси йўлида самарали қўллаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида ёшлар бу каби самимий мулоқот ва доимий эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида юрт равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёр эканини изҳор этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



